Бутунжаҳон ҳожатхоналар ташкилоти (WТО) асосчиси ва директори Жаcк Сим бошчилигидаги делегация аъзолари Бухорода бўлди.
Меҳмонларни Бухоро темир йўл вокзалида вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шахриёров кутиб олди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари Бухоро шаҳрининг тарихий марказида жойлашган санитар-гигиеник шохобчалар ҳолатини ўрганди. Хусусан, ногиронлиги бўлган саёҳатчилар учун ҳожатхоналарда яратилган шарт-шароитлар, мавжуд имкониятлар ҳамда камчиликлар кўздан кечирилди. Жаcк Сим Бухородаги санитар-гигиеник шохобчаларни инклюзив туризм учун мослаштириш, улардаги қулайликларни ошириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди.

Бундан ташқари, меҳмонлар Бухоронинг тарихий марказида жойлашган Арк қалъаси, Пойи-Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Лаби Ҳовуз ансамбли, шунингдек, маҳаллий ҳунармандчилик марказлари билан ҳам яқиндан танишди.
Маълумот учун, Бутунжаҳон ҳожатхоналар ташкилоти (World Toilet Organization – WTO) 2001 йилда Жаcк Сим томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг бош офиси Сингапурда жойлашган. Ташкилотнинг асосий мақсади дунё бўйлаб ҳожатхона ва санитария шароитларини яхшилашдир. Ҳозирда ташкилот 53 мамлакатда фаолият юритади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.