2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ўсиш динамикасини сақлаб қолмоқда
Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йил январь-июнь ойларида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 807,9 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 фоизга ошди.
Истеъмол нархлари индекси 2024 йил декабрь ойига нисбатан 104,2 фоизни ташкил этди. Бу эса нархлар ўсиш суръатларининг секинлашаётганини кўрсатади. Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари сегментларида нархлар ўртача даражада ўсмоқда. Шу билан бирга, хизматлар инфляциянинг асосий драйвери бўлиб қолмоқда ва умумий истеъмол нархлари даражасига энг катта таъсирни кўрсатмоқда.
Асосий капиталга инвестициялар ҳажми 5,5 фоизга ошиб, 273,4 трлн. сўмга етди. Ўтган йил бошидаги юқори ўсиш суръатларига нисбатан секинлашганига қарамасдан, инвестиция фаоллиги барқарор қолмоқда. Инвестиция манбаларида марказлашмаган маблағлар, жумладан корхоналар ва аҳоли маблағлари, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар устунлик қилмоқда.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 фоизга (488,5 триллион сўм), қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 4,0 фоизга (194,9 триллион сўм), қурилиш ишлари ҳажми 10,7 фоизга (137,6 триллион сўм) ўсди.
Кўрсатилган хизматлар ҳажми 13,3 фоизга ошиб, 458,2 трлн. сўмни ташкил этди, чакана савдо айланмаси эса 9,7 фоизга ўсиб, 198,7 трлн. сўмга етди. Хизматлар ва савдо соҳасида юқори ўсиш суръатлари аҳоли даромадларининг ортиши, рақамлаштиришнинг давом этиши, онлайн тўловлар ва рақамли сервисларга ўтишнинг ортиши билан изоҳланади. Бу эса хизматлар секторини янада динамик қилмоқда.
Ташқи савдо айланмаси 37 млрд. долларга етиб, 16,1 фоизга ошди. Экспорт 16,9 млрд. долларни (+29,1 фоиз) ташкил этди, импорт эса 7,0 фоизга ўсиб, 20,1 млрд. долларга етди. Экспортнинг тезлашиши хизматлар, хомашё ва энергетика ресурслари етказиб беришнинг ортиши билан боғлиқ.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида қайд этилганидек, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон иқтисодиёти ишончли тикланиш ва тузилмавий барқарорликни намоён этмоқда. Фаол инвестиция ва ташқи иқтисодий сиёсат, реал секторни қўллаб-қувватлаш ҳамда инфляциявий босимнинг камайиши ижобий макроиқтисодий динамикани таъминламоқда.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА