Риштон туманидаги Мамадали Топволдиев маҳалласига "Туризм маҳалласи" мақоми берилди. Умуман Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, миллий меросни асраш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Риштон туманида жойлашган М.Топволдиев маҳалласига расман "Туризм маҳалласи" мақоми берилиши бунинг ёрқин мисолидир.
Маҳалланинг бой тарихий-маданий мероси, урф-одатлари, миллий қадриятлари ҳамда беназир табиий гўзалликларини эътироф этиш ва унинг имкониятларини янада кенгайтириш туфайли шундай мақомга сазовор бўлди.
[gallery-24481]
Шу муносабат билан маҳаллага Жаҳон Ҳунармандлар Кенгаши президенти Саад ал Каддуми бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф буюрди. Улар одатга кўра нон-туз билан қарши олинди. Сўнгра туризм маҳалласи мақоми расман эълон қилинишига бағишланган тантана бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар мамлакат туризми ва ҳунармандчилиги ривожига риштонлик халқ усталари қўшаётган ҳисса ҳақида гапирди ва Топволдиев маҳалласига “Туризм маҳалласи” лицензияси топширилди.
Маҳаллада сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш борасида санитария-гигиена пункти ва туризм ахборот маркази ташкил этилди. Халқаро кулолчилик маркази, чойхона ва меҳмонхона, “Бегойим” ресторани ва кўплаб сервис хизмати кўрсатувчи мажмуалар ҳам ушбу ҳудудда жойлашган. Сайёҳларнинг “шопинг” яъни савдо-сотиқ қилиши, китоб ўқиши, севимли фильмини кўриб, маданий ҳордиқ чиқариши, маданият уйи ходимлари томонидан ташкиллаштирилган турли бадиий чиқишлардан баҳраманд бўлиши мумкин. Булар “Туризм маҳалласи” га янада кўпроқ сайёҳларни жалб этиш имконини беради.
Риштон кулолчилиги 800 йилдан ортиқ тарихга эга. Бу ерда ишлаб чиқариладиган рангли нақшли идишлар бутун дунёда тан олинган. Маҳаллада фаолият юритаётган юзлаб усталар ҳунар сирларини кейинги авлодга ўтказиб келмоқда.
Жаҳон Ҳунармандлар Кенгаши делегацияси Риштондаги бир қатор кулолларнинг уй-устахоналари билан танишди. Уларнинг фаолиятини батафсил ўрганди.
– Ўзбекистонга, Риштонга сафаримизнинг асосий мақсади – бу ердаги кулолчилик тарихи, анъаналари, усталар фаолияти каби масалаларни чуқур ўрганиш эди. Биз бу маълумотларни кенгаш йиғилишига тақдим этамиз. Чунки Риштон аллақачон дунё ҳунармандчилик майдонида ўзига муносиб жой топган ва унга “Ҳунармандлар шаҳри” мақоми беришга муносиб, – дейди жаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад ал Каддуми. – Риштондаги туризм маҳалласининг очилиши унинг янги мақом олишига қўшилган алоҳида ҳисса бўлди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VMZyTCT5mgg" title="Rishtonda turizm mahallasi ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов