ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизда волейбол бўйича 19 ёшгача бўлган йигитлар ўртасида жаҳон чемпионати старт олди. Бироз аввал «Юнусобод» спорт мажмуасида юртимизда илк бор ўтказилаётган ушбу мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Халқаро волейбол федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Спорт вазирликлари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакат волейбол федерацияси раҳбарияти иштирок этди.
[gallery-24466]
Маросимда сўз олган расмийлар мамлакатимизда жамоавий спорт турлари ривожига катта эътибор қаратилаётгани, бунинг натижасида волейбол ёшларимизнинг севимли спорт турига айланиб бораётгани ҳақида таъкидлади. Ўз ўрнида, хорижлик меҳмонлар юртимиз бундай нуфуздаги мусобақани юқори савияда ташкил эта олаётгани, инфратузилманинг юқори эканига алоҳида урғу берди.
Очилиш маросимидан сўнг, Ўзбекистон-Туркия жамоалари майдонда тўқнаш келди. Кескин ва муросасиз ўтган учрашувда вакилларимиз меҳмонларга ҳеч қандай имконият қолдирмади: Ўзбекистон-Туркия 3:0.
Эртага волейболчиларимиз покистонлик тенгдошларига қарши майдонга тушади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА