АҚШ Конгресси биносида Ўзбекистон кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман АҚШ Конгрессидаги Ўзбекистон бўйича Кокус аъзолари билан ҳамкорликда ташкил этилди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Ўзбекистон куни форумида Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар, ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари, шунингдек, халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалаларидаги ёндашувлар юзасидан батафсил маълумот берилди. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, инвесторлар учун яратилаётган шарт-шароит ва очиқ бозор иқтисодиёти тамойилларига содиқлиги алоҳида таъкидланди.

Анжуманда АҚШ Конгресси аъзолари – конгрессмен Трент Келли, сенатор Стив Дейнс, конгрессвумен Кэрол Миллер ҳамда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси, етакчи халқаро компаниялар ва фондлар раҳбарлари маъруза билан иштирок этди. Улар Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатимизни минтақадаги ижобий ўзгаришлар локомотиви сифатида эътироф этди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати делегацияси АҚШ Савдо ваколатхонасида ҳам учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни, ислоҳотлар самарадорлиги ва икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Америка томони Ўзбекистонда бу йўналишда стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Тадбирда АҚШнинг йирик компаниялари Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик инвестициявий лойиҳалар, хусусан, Олмалиқдаги мис кони лойиҳасига 4,5 миллиард долларлик сармоя киритишни режалаштираётгани ҳақида маълумот берилди.
Ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик, инсон капиталига сармоя киритиш, таълим дастурлари, хусусан, “Ёш бизнес лидерлари” ташаббуси доирасидаги ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.
Форум доирасида бўлиб ўтган мулоқотлар, интервьюлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши Ўзбекистон кунига бағишланган тадбир юқори даражада ўтганини кўрсатди.
Тадбир Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликка янги туртки бериб, икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА