Ўзбекистон Республикасининг Шри-Ланкадаги (қароргоҳи Исломободда жойлашган) биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев Коломбо шаҳрида ушбу мамлакат Давлат протоколи раҳбари Роҳана Амбаголлага ишонч ёрлиғи нусхаларини топширди.
Учрашувда Шри-Ланка расмийси Ўзбекистон томонининг илк элчи тайинлаш қарорини олқишлаб, бу икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим қадам эканини таъкидлади. Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг глобал Жануб билан яқинлашиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслари юксак баҳоланди.
Томонлар ўзаро савдо, логистика, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилиб, иқтисодий дипломатияни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, транспорт ва логистика соҳаларида қўшма ечимлар ишлаб чиқиш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда онлайн платформа ва дастурларни жорий этиш бўйича ҳам келишувга эришилди.
Мусулмон Зиё, ЎзА