Ҳуқуқий муносабат
Ҳа, аммо дивидендлар учун белгиланган ставка жисмоний шахсларнинг умумий даромадларидан олинадиган 12 фоиз солиқ ставкасидан фарқ қилади.
Хўш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари акциялардан олган даромадлари бўйича солиқ тўлашда қандай имтиёзлар мавжуд?
Бу борада Тошкент давлат юридик университети “Бизнес ҳуқуқи” кафедраси ўқитувчиси Умида Бекмирзаева қуйидагича тушунтириш берди:
– Ўзбекистон Республикасида акциядорлик муносабатларини ривожлантириш, сармояларни жалб қилиш ва фонд бозори фаолиятини кенгайтириш мақсадида сўнгги йилларда қатор ҳуқуқий енгилликлар жорий этилмоқда. Шу жумладан, Солиқ кодексининг 483-моддасида акциядорлар учун алоҳида солиқ имтиёзи белгиланган.
Мазкур моддага асосан, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб 2028 йил 31 декабргача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахслар — резидентлар ёки норезидентлар томонидан акциялардан олинадиган дивидендлар жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинади. Бошқача айтганда, акциядор сифатида акциядан даромад олган жисмоний шахс ушбу дивиденд учун давлатга даромад солиғи тўламайди.
Шу билан бирга, юридик шахслар — норезидентлар томонидан Ўзбекистондаги акциядорлик жамиятлари акцияларидан олинадиган дивидендларга фойда солиғи ставкаси 5 фоиз этиб белгиланади. Бу халқаро амалиётда нисбатан имтиёзли ставка ҳисобланади.
Ушбу меъёр мамлакатда акциядорлар сонини кўпайтириш, акция бозори айланмасини ошириш ва инвестиция муҳитини яхшилашда муҳим омил сифатида хизмат қилади. Чунки, дивидендлардан солиқ тўланмаслиги жисмоний шахсларни акцияларга сармоя киритишга рағбатлантиради, юридик шахс-норезидентлар учун эса фойда солиғининг имтиёзли ставкада қўлланилиши халқаро сармояларни жалб этиш имкониятини оширади.
Амалда акциядор дивиденд олган ҳолда давлат билан солиқ муносабатини расман юритиши талаб этилмайди. Чунки унинг ушбу даромади қонунчиликка асосан тўлиқ озод қилинган. Норезидент юридик шахслар учун эса ушбу дивидендга 5 фоизлик фойда солиғи солинади ва бу солиқ акциядорлик жамияти ёки унинг солиқ агенти томонидан давлат бюджетига тўланиши таъминланади.
Қонунчиликда белгиланган ушбу тартиб Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлигини таъминлаш, хусусий молия ресурсларини акциядорлик жамиятлари орқали иқтисодиётга жалб қилишни рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган.
Гулноза Бобоева, ЎзА