Ўзбекистоннинг 2025 йил I ярим йиллик якунида экспорт ҳажми 16,9 млрд долларни ташкил этиб, ўсиш 33 фоиз бўлди. Бунда, товар ва хизматлар экспорти 23 фоизга ошиши кузатилмоқда. Яъни, бу борада экспортимиз 10.4 млрд долларга етди.
Албатта бу рақамларга ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Иқтисодиёт тармоқларида олиб борилган туб ислоҳотлар, ички бозоримизни ташқи омилларга боғлиқлиги камайтирилаётгани натижасида юқори натижалар қўлга киритиляпти.
Жумладан, йил бошидан 1 557 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилиб, улар томонидан 650 млн долларлик экспорт амалга оширилгани кўп нарсани англатади.
Иқтисодиётимизда юзага келган барқарорлик ва юртимизнинг ташқи савдо айланмасида кузатилган ижобий ўзгаришлар хусусида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бўлим бошлиғи Аҳрор Холмирзаев билан суҳбатлашдик.
- Айтингчи бу йилги 6 ойликда ташқи савдо айланмасида қайси корхоналарнинг улуши юқори бўлди?
- Ярим йилликда бу йил ташқи савдо айланмаси 36.5 млрд долларни ташкил этди. Энг қувонарлиси биз йилдан-йилга ташқи савдо айланмасидаги салбий балансни камайтириб боряпмиз. Бу борада ярим йилликда 2.5 баробарга камайтиришга эришилиб, 2 млрд долларлик ташқи савдо балансининг салбий сальдосини қисқартиришга муваффақ бўлдик. Бу 2018 йилга нисбатан 2.6 млрд долларни илк бор ташкил этди.
Биз импортни таҳлил қилиб, ташқаридан кириб келаётган маҳсулотларнинг қайсиларини ишлаб чиқариш имконияти мавжуд ва нима учун имкониятлардан фойдаланмаяпмиз? – деган маънода таҳлиллар ўтказамиз ва бу орқали маҳаллийлаштириш дастурини шакллантирамиз. Яъни, ҳар йили импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга йўналтирилган дастур қабул қилинади ва шу ҳисобдан яна инвестициялар оқими кўпаяди. Нафақат экспортда хомашё ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, балки тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар улушини ошиб бориши ҳисобига ташқи савдо балансини яхшилаб боряпмиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/SBMkytQooPg" title="Mamlakatimiz tashqi savdosida ijobiy balans kuzatildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА