Сўнгги пайтларда портатив лазерли нур тарқатгичларни Ўзбекистон Республикасига қонунга хилоф равишда олиб кириш ва улардан фойдаланиш ҳолатларининг кўпайиши фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, ҳаво кемалари парвозларининг хавфсизлиги, жамоат тартибига юқори даражадаги таҳдидлар туғдирмоқда.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда портатив лазерли нур тарқатгичларни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ 55 та ҳолат аниқланган бўлиб, 18 минг 845 нур тарқатувчи олиб қўйилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йилдаги тегишли қарори билан бундай воситаларни мамлакатимизга олиб кириш ва сотиш тақиқланган бўлса-да, уларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгиланмаган.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси билан портатив лазерли нур тарқатгичларнинг қонунга хилоф муомаласи учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида портатив лазерли нур тарқатгичларнинг муомаласи соҳасида назорат ва таъсир чораларининг самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва ундан жабрланиш ҳолатларини бартараф этиш назарда тутилган.
Муҳокамаларда лойиҳанинг долзарблиги, масъул қўмита томонидан маромига етказиб ишлангани қайд этилиб, иккинчи ўқишда ҳам моддама-модда кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА