Ўзбекистон футболи тарихи ва бугунида Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасининг ўрни беқиёс. 63 йил муқаддам ташкил топган “Нефтчи” футбол жамоаси Ўзбекистон чемпионатида беш маротаба олтин, беш марта кумуш ва бир бор бронза медалларига сазовор бўлди. Аммо бир муддат команда мавқеини йўқотди. Ҳатто бир йил суперлига мусобақаларида иштирок этмади. Бунинг сабабларидан бири – ўқув машғулот базасининг ночор аҳволи билан боғлиқ эди.
Ниҳоят у мукаммал таъмирланди. Барча шароитлар яратилди. Жамоанинг шу ерда яшаб, машғулот ўтиши учун зарур бўлган энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган ўқув машғулот маркази ташкил топди.

Бугун “Нефтчи” клубининг ёшлар, аёллар каби жамоалари учун битта халқаро мусобақалар меъёрига жавоб берадиган ва учта машғулот ўтказиш стадионлари мавжуд. Марказ ҳудудида жисмоний машғулотлар ва профессионал сув ҳавзалари ҳам бор.

– Барча фарғоналикларни янги очилган ўқув машғулот базаси билан табриклайман, – дейди Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Одилжон Аҳмедов. – Бугун футболчилар учун энг мақбул шароит яратилибди. Энди Фарғона футболи муносиб натижаларга эришишига ишончим комил.

Тантанали маросимда сўзга чиққан Фарғона вилоят ҳоким Хайрулло Бозоров, футбол фахрийси Тоҳир Копадзе ва бошқалар давлат раҳбарининг футболга бўлган алоҳида эътибори туфайли мамлакатимиз жаҳон чемпионати иштирокчиси бўлди, ёш, иқтидорли футболчиларимиз дунёнинг пешқадам клублари ўйинчисига айланди, дея таъкидлашди.

– Барча куч “Нефтчи” жамоаси бу йил чемпион бўлишига қаратилган, – деди Хайрулло Бозоров.
Тадбир давомида вилоят раҳбари ёш футболчиларга совғалар ва спорт анжомларини топширди.

Маълумки, бу йил “Нефтчи” профессионал клуби қошида футбол академияси очилди. Ҳозиргача 700 дан зиёд ёшлар кириш синовларида қатнашиш истагини билдирди.
– Фарғона водийси истеъдодли футболчиларга бой. Шунинг учун уларга шароит яратиб берсак Ўзбекистон терма жамоасига кўплаб фарғоналик футболчилар айнан шу академияда етишиб чиқишига ишончим комил, – дейди Одилжон Аҳмедов. – Фарғонада футбол янада ривожланади ва очилган академия ўзбек футболининг ютуғи деб биламан.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/IMSuGVtr--8?si=nk6n0INWPAIHuvx5" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео),ЎзА