ХХ аср Туркистон халқлари учун эрку диёнат бой берилган, асрий урф-одат ва анъаналар қадрсизланган, тафаккур қолоқлик ва жоҳилликка юз тутган давр сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди. Бироқ ана шундай оғир шароитларда ҳам ўзбек халқи ичидан етишиб чиққан тараққийпарвар зиёлилар сабот ва матонат билан яшаб ўтдилар, юрт ва элнинг илмий ва маданий нуқтаи назардан юксалишига жидду-жаҳд қилдилар. Миллатнинг тараққийпарвар қаҳрамонларидан бири Холид Саиддир.
Холид Саид 1888 йилда Тошкент вилоятининг Қўшқўрғон қишлоғида туғилган. Дастлабки таълимни Қўшқўрғон қишлоғидаги мулла мактабида олган. Ўқишнинг кейинг босқичини Тошкентда, мадрасада давом эттиради. Мадрасадан сўнг Холид ўқишни Истанбулга давом эттирмоқчи эди. Бироқ моддий аҳволи бунга имкон бермади.
Холид Саиднинг отаси Саид Али Қўшқўрғон қишлоғида имомликка қўшимча тарзда хўжалик ишлари билан ҳам шуғулланган. Саид Алининг ўзи диндор шахс бўлганлиги сабабли фарзандларининг ҳам ўзига ўхшаган художўй, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига борадиган, диний илмларни эгаллаган комил инсонлар бўлишини истар эди. Шу боисдан у ўғли Холидни эски мактабга ўқишга берди.
Ёш Холид 1914 йилда Туркияга бориб, тиббиёт факультетига ўқишга киради. Кейинчалик эса адабиётга бўлган қизиқиши устун келиб ўқишини тиббиёт факультетидан тарих-филология факультетига кўчиради ва 1918 йилда тамомлайди. Яна шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Истанбул университетининг талабаси Холид Саид Истанбул матбуотида, шунингдек, Қримда Исмоил Бей Гаспирали томонидан чоп этиладиган “Таржимон” газетасида ўз мақолалари билан иштирок этади. “Таржимон” газетасининг 1914 йил 23 февраль кунги сонида Холиднинг “Тошкентдан мактуб” мақоласи босилади. Истанбул ва Қрим матбуотида эълон қилинган мақолаларда Холиднинг беғубор ёшлик йиллари, самимий туйғулари ва ёрқин келажакка нисбатан порлоқ орзулари акс этган.
1918 йилда Нурий пошо бошчилигидаги ҳарбийлар билан Озарбойжонга келган Холид Саид Ганжадаги гимназияда дарс бера бошлайди. Кейинчалик у, яъни 1920-1921 йиллар ўқитувчилик фаолиятини Тошкентда давом эттиради.
Шунингдек, Холид Саид “Янги алифбо йўлларидаги эски хотираларим ва туйғуларим” асарида 1921 йилда Тошкентдаги ўрта мактабда директор сифатида фаолият кўрсатганини қайд этиб ўтган.
Холид 1924 йилда “Янги алифбо қўмитаси” фаолларидан бири сифатида Тошкент, Қрим, Симферопол, Оренбург, Уфа, Қозон ва бошқа шаҳарларда тузилган делегация таркибида янги алифбо тарафдорлари ва мухолифлари билан ўтказилган учрашувларда фаол иштирок этади.
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сони миллатпарвар жадидлардан бири, адабиётшунос, олим Холид Саид Хўжаевга бағишланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/JrixKFw93Xk?si=KXt0jaTYgajma3xd" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, А.Аҳмедов,ЎзА