Сурхондарё вилоятининг хушманзара тоғлар қўйнидаги Сариосиё тумани гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилол сувлари, мафтункор “Сангардак” шаршараси ва бошқа ноёб туристик манзиллари билан дунёга танилган.

Тумандаги “Сангардак” шаршарасига олиб борувчи йўлнинг ўнг тарафида Нилу, деган қишлоқ бор. Сўлим бу гўшанинг уйлари баланд тоғларга туташиб кетган. Қишлоқдаги 520 дан ортиқ оилада 2 минг 500 га яқин киши истиқомат қилади. Одамлар асосан боғдорчилик, чорвачилик ва асаларичилик билан шуғулланади. Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган булоқ сувидан пайдо бўлган ғаройиб ҳовуз, ҳали ўсувчанлигини йўқотмаган кўп асрлик тарихга эга чинор ва тут дарахтлари мавжуд ноёб зиёратгоҳи бор. Ҳар бири ўзига хос тарихга эга Ҳасанат ғори, чашмаи Маланд булоқ сувлари мавжуд. Гўзал табиат манзаралари, шифобахш гиёҳлари билан машҳур. Қишлоқ эркаклари темирчиликни, хотин-қизлар қадимий ҳунармандлик сир-асрорларини сақлаб қолган.  

Ҳудуднинг жойлашуви ва имкониятидан келиб чиқиб, маҳаллага “Туризм қишлоғи” мақомини бериш, сайёҳликни янада ривожлантириш белгиланди. Шунга кўра, бетакрор табиат манзараларига бой Ҳисор ўрмон хўжалиги ҳудудида ўнга яқин енгил конструкцияли экотуризм маскани барпо этилмоқда. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун 21 та оилавий меҳмон уйи ташкил қилинди. Туризм қўмитаси маблағи ҳисобидан уч миллиард сўмлик сув сақлаш иншооти қурилмоқда. Ўн бешдан ортиқ турли хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Телефон алоқаси, мобил интернет тубдан яхшиланаётир. Тижорат банкларининг банкоматлари ўрнатилган. Кўчаларга асфальт ётқизилди. Нилуга келган сайёҳлар эндиликда гўзал табиат қўйнида отда сайр қилиши, шифобахш туя сутидан баҳраманд бўлиши ҳам мумкин.

Нилуга туризм қишлоғи мақомини беришга бағишланган тантанали тадбирда туризм қўмитаси ва Сариосиё тумани ҳокимлиги масъуллари, қишлоқ аҳолиси, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этди.  

Тадбирда Нилу маҳалласи воҳадаги қадимий қишлоқ ва ўтмишдаги урф-одатларини сақлаб қолган ажойиб гўша экани таъкидланди. Ёз мавсуми дам олувчилар ва сайёҳлар билан гавжум бўлаётгани, салқин табиати, осмонўпар тоғлари, сойлардаги муздеккина зилол суви инсонга хуш кайфият улашиши, бу ерда барпо этилган шароитлар, янги инфратузилмалар узоқ-яқиндан келгувчи меҳмонларга қатор қулайликларни яратиши қайд этилди.  

Вилоятда тўртинчи “Туризм қишлоғи” мақоми берилаётган Нилу – ҳавоси тоза, табиати мусаффо, дегани. Шу ерлик кексаларнинг айтишича, қишлоқ қарийб уч минг йиллик тарихга эга. Ўз даврида Мулла Абдукарим охун Хонжиза тарафдаги Дебодом қишлоғидан келиб, бу ерда жоме масжиди бунёд этган. Масжид ҳовлисида ҳовуз, асрлар оша кўкка ўрлаётган чинор дарахти бор. Суви қишда илиқ, ёзда муздек бўладиган ҳовузда ширмойи балиқлар сузиб юради. Нилуликлар сокин ва сирли бу гўшанинг асрлар давомида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган мўъжизакор кечмиши билан фахрланади. Қадимий қишлоқдаги жоме масжидининг ҳам, масжид ҳовлисидаги икки метрча чуқурликдаги ҳовуз, унинг бир тарафида асрлар оша кўкка бўй чўзаётган осмонўпар чинор дарахтининг ҳам, Ҳасанат ғори ва чашмаи Маланд булоғининг ҳам ўз тарихи бор. Маҳалла оқсоқоли, меҳнат фахрийси Муҳаммадсафо Вафозод ҳикоя қилиб берган қишлоқдаги жоме масжиди билан боғлиқ ривоят ҳам инсонни чуқур мушоҳада юритишга ундайдиган воқеа-ҳодисаларга бойлиги қадимий Нилуга қизиқишимизни янада оширди.

Аждодларимиздан оғиздан-оғизга ўтиб келаётган нақлларга кўра, Мулла Абдукарим охун Нилуга келиб, яқин йилларгача шу жойда ўсиб турган тут дарахти ерига уловининг хадачўпини қаттиқ суқиб олгач, тут кўчати ўсиб чиққан экан, – дейди Муҳаммадсафо Вафозод. – Икки қатор қалин пахса девордан қурдирган жоме масжид ҳам ўзига хос услубда барпо этилган. Унинг меҳроб тарафидаги деворига одам бўйи баландликда иккита кўза ўрнатилган. Айтишларича, ўз даврида бу кўзалар имомнинг овозини кучайтириб, масжиднинг тўрт тарафига амру-маъруфларни бир хил тарқатишга хизмат қилган. Мустақиллигимизнинг илк йилларида қишлоғимизнинг келажакда сайёҳлар учун ажойиб маскан бўлишига умид боғлаб, масжидни қайта қурдик. Чунки, у тўкилиб қолиш арафасида эди. Уни қайта барпо этишда ўша даврдаги устунлар ва бошқа материалларини ишлатдик. Афсуски, табиий овоз кучайтиргич вазифасини ўтаган иккита кўзани ўрнатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган экан. Кейин топа олмадик. Ўша даврда масжиднинг пешайвонига ўрнатилган устунлардан бирига “Тожикистоннинг Ҳисоридан 1327 йил олиб келиниб, усто Жалол Ғолибиддин ибн устод Муҳаммади Олимхон ўрнатган”, яна бировига “1344 йил усто Абдуҳалил ибн усто Муҳаммад Ражабий Нажжор ўрнатган”, деган ёзувлар битилган. Бу милодий 1706-1723 йилларга тўғри келади. Масжид ҳовлисидаги чинор дарахтининг ҳам ўз тарихи бор.

[gallery-24386]

Нилу – ҳавоси тоза, табиати мусаффо қишлоқ, дегани. Бу гўшага ёз ва кузда, қиш ва баҳорда келсангиз ҳам ҳар фаслнинг ўзига хос гўзал табиати, ширинсухан ва меҳмондўст одамлари ҳайратингизни оширади. Кекса авлод вакиллари бир-биридан қизиқ ҳикояларини баҳам кўради. Сархил мевалар, шифобахш асал ва бошқа табиий ноз-неъматлар билан сийлайди. Ўтмишдаги аждодларидан мерос қолган ҳунармандчиликни эъзозлаб келаётган темирчи усталарнинг турли нафис буюмлари, қўли гул хотин-қизларнинг бежирим каштаю, сўзаналари қалбингизга ўзгача завқ улашади.

Тантанали тадбирда туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниёзов маҳалла раиси Абдуҳошим Аҳмедовга Нилуга “Туризм қишлоғи” мақоми берилгани тўғрисидаги сертификатни топширди. Меҳмонлар туризм қишлоғида барпо этиладиган тақдимотлар билан танишди. Қадимий Нилу қишлоғи, Сангардак маҳалласидаги “Сангардак” шаршараси ҳамда Хонжиза қишлоғига  пресс-тур ташкил этилди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нилу – Сурхондарёдаги тўртинчи туризм қишлоғи