Фармон ва ижро
Президентимизнинг 2024 йил 24 майдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги фармони асосида адлия идоралари томонидан “маҳалла еттилиги” аъзолари билан биргаликда уйма-уй юрган ҳолда аҳолининг ҳуқуқий муаммолари аниқланиши белгилаб берилди.
Бу билан фуқароларни қийнаётган масалаларни ҳал этиш, уларга ҳуқуқий бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда методик ёрдамлашиш асосий йўналишлардан бирига айланди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, “маҳалла еттилиги” аъзолари ва аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш мақсадида жойларда “Адлия куни”, “Ҳуқуқий тарғибот куни” лойиҳалари доирасида манзилли тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.
[gallery-24372]
Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят бўйича 66 697 та хонадонларга уйма-уй юриш орқали 48 672 та ҳуқуқий муаммо аниқланиб, 48 540 таси ҳал этилди. Аҳолига 3 663 та ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрлаб берилиб, бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилди. 1 007 та “Адлия куни” тадбирлари ўтказилиб, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 32 143та сайёр хизматлар кўрсатилди.
– Давлат раҳбарининг фармони билан адлия органларига қўшимча вазифалар юклатилди, – дейди Ғиждувон туман адлия бўлими бошлиғи Сардор Искандаров. – Шунга кўра адлия бўлимлари “маҳалла еттилиги” билан аҳолини кундалик учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни уйма-уй аниқлаб, уларга бирламчи бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб, ҳуқуқий маслаҳатлар бериб келмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида тарғибот тадбирлари ҳам ўтказиб келинмоқда. Туманда 4 мингга яқин ҳуқуқий муаммо аниқланиб, уларда асосан кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, мерос иши, коммунал идоралар, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш, ФХДЁ, давлат хизматлари марказлари билан боғлиқ масалаларни ташкил этади.
Ғиждувон туманидаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ҳал этишнинг Бухоро тажрибаси асосида тизимли ишлар йўлга қўйилди. Адлия бўлими томонидан “маҳалла еттилиги” ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда муаммоларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, ушбу чоралар натижасида маҳалла ҳудудидаги 11 нафар шахсга туғилганлик гувоҳномаси ва 3 нафар никоҳ қайд этиб берилди.
– Маҳалламизда 574 та хонадон бўлиб, 2905 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолимиз адлия ходимлари томонидан “хонадонбай” ўрганилди ва ҳуқуқий ёрдам берилди. Доимий аҳолимиз билан тарғибот ишларини олиб боряпти. Доимий сайёр қабуллар ўтказиляпти. Қабулларда аҳолимиз ўз муаммоларига ҳуқуқий жавоб олмоқда, – дейди “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одил Бақоев.
Ўтган давр мобайнида Ғиждувонда 2 329 та хонадонларга уйма-уй юриш орқали 2 025 та ҳуқуқий муаммо аниқланиб, 1 993 таси ҳал этилди. 22 та ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрлаб берилиб, бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, мактабларда “Ҳуқуқ синфи” ва ҳуқуқ фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишини ташкил этиш орқали юридик кадрларни тайёрлашда “мактаб-лицей-техникум-университет” тизимини жорий этиш белгиланди.
Маҳалла аҳолисига, аввало, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатилиши таъминланмоқда. Шу билан бирга, “маҳалла еттилигига” қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти оддий тилда етказилмоқда ҳамда маҳалла тузилмасида ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш бўйича методик ёрдам кўрсатилмоқда.
Маҳаллаларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ташкил этиладиган “Ҳуқуқий тарғибот куни”да, энг аввало, “Online-mahalla” платформасига киритилган ва аниқланган муаммоларнинг ҳуқуқий ечимига қаратилган манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, аҳолига зарур ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилмоқда. Бу йўналишда Жондор туманидаги Нурафшон маҳалласида ҳам тизимли ишлар ташкил қилинган.
“Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга асосан адлия органлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда кўчмас мулк ва ундаги ер майдонларига нисбатан мулк ҳуқуқини белгилаш орқали фуқароларнинг кўп йиллик муаммолари ҳал қилиниб, том маънода ҳалқимизнинг давлат идораларидан розилигига эришилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Бухоро вилоятида Қонун талаблари асосида фуқароларнинг мулк ҳуқуқлари эътироф этилиши аҳолининг кўп йиллик муаммоларининг ҳал қилинишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.