Бугунги глобал ахборот маконида ҳар бир миллатнинг маданий пойдевори, маънавий асослари ва тарихий илдизлари унга миллий иммунитет бағишлайди. Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида бизни ривожлантирадиган, ўзлигини йўқотмасдан янгиланишга ундайдиган қадриятларимиз орасида жадидчилик ғоялари алоҳида ўрин тутади. Хусусан, жадидларнинг маърифатпарварлик ғоялари бу нафақат ўтган давр мероси, балки бугунги кун учун ҳам долзарб йўриқдир.
XX аср бошларида Туркистонда шаклланган жадидчилик ҳаракати ўз замонасининг энг долзарб муаммоларига жавоб излаган – саводсизлик, хурофот, дунёқарашдаги кемтиклик каби иллатларга қарши маърифат, илм–фан, замонавий мактаблар орқали курашган эди.
Бугун ҳам жамиятимизда ижтимоий онг ва маданиятни юксалтириш, айниқса ёшлар ҳаётида маънавий устуворликни таъминлаш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда. Жадидлар ғояларининг бугунги ёшларга етказилиши бу борада кучли восита бўлиши мумкин.

Ҳали шаклланиш босқичида бўлган болалар ҳар қандай ғояни тез қабул қилади, уни онгига сингдиради ва у билан улғаяди. Шу боис, агар болаликдан уларга илмга чанқоқлик, ватанпарварлик, одоб-ахлоқ, замонавий тафаккур сингари жадидлар қадрлаган тамойилларни сингдирсак, келажак авлод чин маънода тараққийпарвар бўлади.
Мактаб – болаларнинг илк ижтимоий муҳити. Жадидлар мактабни жамиятни ислоҳ қилишнинг калити сифатида кўрган. Шунинг учун бугунги таълимда ҳам жадидларнинг ҳаёти ва фаолиятини ёшлар тушунадиган тилда ёритиш муҳим. Масалан, бошланғич синфларда Беҳбудий ҳаётидан қисқа ҳикоялар, Авлонийнинг болалар ахлоқига оид насиҳатларидан интерфаол топшириқлар киритилиши мақсадга мувофиқ. Бу эса бола онгида тарихий шахсларни идеал сифатида кўришга асос бўлади.
Бугунги болаларнинг аксар вақти экран олдида ўтади. Шундай экан, миллий анимацион фильмлар, болалар театрлари, аудио орқали жадидлар образини болалар қалбига яқинлаштириш керак. Мисол учун, Беҳбудийнинг мактаб очишдаги машаққатлари ёки Авлонийнинг болаларни касб-ҳунарга ўргатиш, Қодирийнинг “Улоқда” ҳикоясидаги воқеалар жараёни каби анимацион фильмлар ва саҳна кўринишлари яратилса, бу тарихий шахсларни тирик сиймога айлантиради.
Нега айнан анимация деган савол туғилиши табиий. Анимацион фильмлар аввало тушунарли ва эсда қоларли. Мураккаб тарихий жараёнлар соддалаштирилиб, ёшлар тафаккурига мос тарзда етказилади. Эмоционал боғланиш орқали томошабин қаҳрамон билан бирга қувонади, қайғуради, курашади. Бу эса образни қалбига чуқурроқ сингдиради. Қаҳрамонларнинг миллий либослари, урф-одатлари орқали ўзликни англаш кучаяди.
Жадидлар ҳақида анимацион фильм яратиш – бу шунчаки бир лойиҳа эмас, балки миллий ўзликни ёшлар онги орқали жонлантириш ҳаракати. Чунки ёш онгда уйғонган тарихий қаҳрамон – ҳеч қачон унут бўлмайди.
Жадидчиликни фақат тарихий ҳаракат сифатида эмас, балки фикр юритиш услуби, ислоҳотга бўлган эҳтиёж, маънавий масъулият деб тушунсак, у замонавий ёшлар учун ҳам ҳаётий дастурга айлана олади.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА