Ироқ жанубидаги Ал-Кут шаҳридаги гипермаркетда содир бўлган йирик ёнғин оқибатида камида 69 инсон ҳалок бўлди. 11 кишининг тақдири ҳали номаълум. Бу ҳақда маҳаллий соғлиқни сақлаш идораси расмийлари ва икки нафар полиция ходими “Reuters” мухбирига маълум қилган.
Агентлик тақдим этган видео лавҳада ўт ўчирувчилар тун бўйи ёнаётган бинога сув пуркагани, қутқарув гуруҳи аъзолари том орқали одамларни олиб чиқаётгани акс этган.
– Вайрона остида ҳали кўпчилик бор, – дейди шаҳар расмийси Али Ал-Маёҳий.
Ёнғин сабаби ҳозирча маълум эмас. Полициянинг дастлабки хулосасига кўра, олов упа-элик ва юз бўёғи маҳсулотлари сотиладиган ҳудуддан тарқалган.
Қутқарувчилар бинода ишни давом эттиряпти. Бош вазир Муҳаммад Шиа Ас-Суданий “камчиликни аниқлаш” учун зудлик билан тергов ўтказиш бўйича кўрсатма берган.
Идора баёнотида миллий мотам эълон қилингани ҳам таъкидланган.
Вилоят губернатори терговнинг дастлабки натижаси 48 соат ичида ошкор этилишини айтди, деб ёзди INA давлат ахборот агентлиги.
М.Пирматова, ЎзА