Сўх сўлим ва гўзал табиати билан бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Яна бир муҳим жиҳати у анклав ҳудудда жойлашган. Мамлакатнинг катта ҳудуди билан боғланишда маълум расмиятчиликлар, баъзида муаммолар ҳам учраб туради. Шунинг учунми, Сўх ва сўхликлар ҳамиша давлатимиз раҳбарининг эътиборида. Солиқ имтиёзлари, олий ўқув юртларига квоталар, юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш каби дастурлар амалда. Сўнгги йилларда эса бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларига катта маблағ ажратилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ички кўчалардаги йўлларни таъмирлаш, симёғоч устунлар ва трансформаторларни янгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Бу йил Сўх туманида 15 километр ички йўллар асфальт қилиниши режалаштирилган, – дейди туман йўл ва кўприк бўлими бошлиғи Ҳафиз Қўлдошев. – Аслида барча ички йўллар ўтган йили асфальт қилинган эди. Ҳозир чет жойларда қолиб кетган ёки янги очилган ички йўлларга асфалт ётқизяпмиз. Ҳозирча 3 километрдаги ишларни якунладик. Гулистон, Сариканда, Новобот маҳалларидаги ички кўчалар асфальт қилинди.

Сариканда Сўхнинг номдор маҳаллаларидан бири. Бу ерда асфальтланмаган ички кўчалар бор эди. Мана энди энг чет тоғ-адир этагига туташ кўчаларга ҳам техникалар келиб зарур қалинлик ва кенгликда, лойиҳа асосида асфальт қопланяпти. Бундай тезкор ва сифатли, яъни иссиқ асфальт ётқизишда Сўхнинг ўзида ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилгани қўл келмоқда.

Бу ишлардан аҳоли жуда мамнун.
– Анорбоғ кўчасида 40 йилдан буён яшайман, – дейди меҳнат фахрийси Малика Шомуродова. – Мана йўлимиз равон бўлди. Лой йўқ, чанг йўқ. Болаларимиз бемалол боғча, мактабга бориб келмоқда. Илгари бу кўчалар ўнқир-чўнқир эди. Қишда лой, ёзда чанг бўларди. Ҳозир замонамиз тинч осмонимиз мусаффо. Президентимизга минг раҳмат. Биз сўхликлар улардан жуда миннатдормиз.

– Кўчаларимиз обод бўлди. Электр симлари, трансформаторлар янгиланди. Энди эса асфальт қилишяпти. Қувончимизнинг чеки йўқ, – дейди маҳалла фуқароси Дилором Шомуродова.

Мамлакат мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида Сўх туманида ободонлаштириш ва қурилиш ишлари янада авж олган.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/z_bPG4plTkY?si=C-Qz8DOu1fUpMf8i" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов