Маълумки, ҳафта бошида АҚШ Президенти Дональд Трамп агар Украинадаги можаро 50 кун ичида тўхтамаса, Россиядан нефть сотиб олувчи давлатларга нисбатан иккинчи даражали санкция жорий этиш билан таҳдид қилди. Ушбу қарор биринчи навбатда энг йирик харидор - Ҳиндистон учун жиддий муаммо келтириб чиқариши тахмин қилинмоқда.
Оқ уйнинг эҳтимолий санкциясига мазкур қудратли давлат нефть вазири Сингх Пури қуйидагича муносабат билдирди: Агар АҚШ Россия ёнилғисига нисбатан иккиламчи санкция киритса, Ҳиндистон нефтга нисбатан талабини бошқа манбалардан қондира олади. Эрон ва Венесуэлага қарши санкция амалда эканига қарамай, бу мамлакатларда нефть етарли. Қолаверса, қатор давлатлар, жумладан Бразилия ва Канада ҳам ишлаб чиқариш ҳажмини оширмоқда. Муаммо чиқса, ҳал қила оламиз. Бир эшик ёпилса, бошқаси очилади.
Шунингдек, мулозим Россия - Ҳиндистон муносабатининг жаҳон бозори учун аҳамияти ҳақида гапириб, РФдан нефть харид қилиш ёнилғи соҳасидаги вазият барқарорлашишида муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаган.
С.Раҳимов, ЎзА