Хитойда бокс бўйича катталар ўртасида ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этиб, якунда 3 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди.
Жумладан, вазни -63,5 кг. бўлган Абдуллоҳ Мадаминов барча рақибларидан устун келган ҳолда шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, +92 кг. вазн тоифасидаги олтин медаль умидли чарм қўлқоп устамиз Арман Махановга насиб этди. Қизлар ўртасидаги -66 кг. вазнда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Дилфуза Бекова мусобақа давомидаги ҳар бир жангда зафар қучди. Шунингдек, ўз вазн тоифаларида Нигина Ўктамова кумуш, Зилолахон Юсупова, Мухлиса Хушвақтова, Рашида Тагирова ҳамда Самандар Ҳабибуллаев бронза медали билан тақдирланди.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон аёллар терма жамоаси айни дамда Хитойнинг Фуцзянь шаҳрида навбатдаги халқаро қўшма ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқда. Икки ҳафта давом этадиган ушбу йиғинга Фарзона Фозилова, Сабина Бобоқулова, Феруза Казакова, Нигина Ўктамова, Ситора Турдибекова, Навбаҳор Ҳамидова, Азиза Зокирова, Соҳиба Рўзметова ҳамда Олтиной Сотимбоева каби чарм қўлқоп усталаримиз жалб этилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА