Германияда давом этаётган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларининг дастлабки куни спортчиларимиз учун муваффақиятли ўтди.
Жумладан, мусобақанинг теннис беллашувларида ҳамюртларимиздан Максим Шин ҳиндистонлик Кабир Хансни, Амир Милушев германиялик Нино Тотони, Дария Шубина эса эквадорлик Мария Бернардани енгди ва иккинчи босқичга йўл олди.

Бадиий гимнастика баҳсларининг кўпкураш йўналишида Тахмина Икромова тўпда машқ бажаришда 28.300 балл, ҳалқада эса 27.800 балл тўплаб, ушбу йўналишларнинг саралашидан ўтди. Бугун, 18 июль куни мусобақанинг булава ҳамда тасмада машқ бажариш бўйича саралаш баҳслари бўлиб ўтади. Умид қиламизки, унда Т.Икромова муваффақиятли чиқиш қилади.

Шунингдек, Элдорбек Усмонов 50 метр масофага баттерфляй усулда сузиш бўйича ўтган баҳсларнинг илк босқичида 23.40 сония натижа қайд этган бўлса, ярим финалда финишга 23.31 сонияда етиб келди. Шу тариқа сузувчимиз ушбу йўналишда медаллар учун кураш олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритди.

XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида вакилларимиз иштироки давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА