Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги "Миллий тикланиш" демократик партиясининг депутатлик гуруҳи томонидан пойтахт Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Транспорт бошқармасининг 2025 йил биринчи ярмида амалга оширган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.
Эшитув давомида таълим тизими ислоҳотлари бўйича белгиланган мақсадларнинг Тошкент шаҳридаги ижроси, фаолият натижадорлиги, йўл ҳақи тўловида шаффофлик ва тушумларни таъминлаш, ҳайдовчининг молиявий боғлиқлигини камайтириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги амалий ташаббуслар муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, мазкур давр мобайнида Тошкент шаҳри бўйича мактабгача таълим ташкилотларига 165 минг 932 нафар бола қамраб олинган. Бу Тошкент шаҳар бўйича мактабгача таълим ёшидаги 209 минг 922 нафар боланинг 79 фоизини ташкил этган.
Ҳисобот даврида 324 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий этилган. 105 та мактабнинг 10-синф ўқувчилари учун 4 та йўналишда танлов фанлари белгиланган ва ўқувчиларга чуқурлаштирилган ҳолда билим бериш йўлга қўйилган.

Шаҳар Транспорт бошқармаси мутасаддилари томонидан тақдим этилган ахборотга кўра, пойтахт аҳолисига сифатли жамоат транспорти хизматини кўрсатиш, йўлларда хавфсизликни таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, 5 минг 454 та инфокиоскларда нақд пулга (3000 сўм) QR чипталари харид қилиш имкониятлари яратилган. Транспорт карталарига бўлган талабни қондириш мақсадида жорий йилда қўшимча 270 минг дона транспорт (АТТО) карталари тарқатилган. Ҳисобот даврида жамоат транспортида 205,5 млн. нафар йўловчи ташилган.
Муҳокамаларда ҳар иккала бошқарма тизимидаги фаолият давомида аниқланган муаммо ва камчиликлар чуқур таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА