Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Санитар авиация хизматига Жаҳон банкининг “Шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш” кредит лойиҳаси доирасида 69 дона замонавий “Ford” русумли махсус реанимобиль топширилди.
Сўнгги русумдаги ушбу автотранспорт воситалари беморларга малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, унинг сифати ва қамровини янада оширишга хизмат қилади.
ССВ матбуот хизмати маълумотларига кўра, бугунги кунда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Санитар авиация хизматида 74 та махсус автомашина бўлиб, уларнинг 28 таси реанимобиллардир.

Ўтган 2024 йилда ушбу хизматга жами 53 минг 200 дан зиёд чақирув бўлиб, жойлардаги минглаб оғир ва ўта оғир ҳолатдаги беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатилди.
Ушбу чақириқларнинг 20 фоизи самолётлар орқали амалга оширилган бўлса, 80 фоизи тизимдаги махсус автотранспорт воситалари ёрдамида бажарилган.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Агентлик директори Абдулла Азизов АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Жонатан Хеник билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида элчи жанобларига Ўзбекистон фармацевтика бозорининг ҳозирги ҳолати, унинг экспорт салоҳияти ва "Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерида амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Хусусан, фармацевтика кластери лойиҳаси доирасидаги инфратузилма, халқаро стандартларга мувофиқ тартибга солиш тизими, R&D марказлари, биотехнология корхоналари, геномика маркази ва клиник тадқиқотларга оид имкониятлар муҳокама қилинди.

Элчи жаноблари АҚШ компаниялари ва илмий муассасаларининг Ўзбекистондаги салоҳиятли ҳамкорлик имкониятларига қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади. Томонлар АҚШ Олий таълим муассасалари ва тадқиқот институтлари билан академик ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш, FDA тартиблари бўйича ахборот ва ўқув дастурларини ташкил этиш, клиник тадқиқотлар ва технология трансфери соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Fulbright, Faculty Enrichment, IVLP ва бошқа дастурлар доирасида ҳамкорликни кучайтириш, тадқиқотчилар учун грант ва тажриба алмашинуви йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар ушбу йўналишлар бўйича доимий мулоқот ва ахборот алмашинувини йўлга қўйишга келишиб олди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА