ФОТОРЕПОРТАЖ
Жорий йилнинг 24 июлидан 3 августига қадар мамлакатимизда илк бор волейбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилмоқда.
Мазкур мусобақа ёш волейболчилар ўртасида ўтказиладиган энг нуфузли турнир ҳисобланиб, Ўзбекистон спорти, айниқса, волейболининг халқаро миқёсдаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан бугун пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
[gallery-24342]
Жаҳон биринчилиги доирасида 24 та давлатдан 288 нафар ёш волейболчи иштирок этади. Мусобақани ўтказиш учун 56 нафар халқаро, 50 нафар маҳаллий ҳакам, шунингдек, 80 нафар техник мутахассис жалб этилади. Турнир логистикаси учун эса 30 та автобус, 6 та микроавтобус ва 30 та автомобиль сафарбар этилиши режалаштирилган.
U19 жаҳон чемпионатининг учрашувлари Юнусобод туманида жойлашган “Саховат спорт сервис” спорт мажмуаси ҳамда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт университетининг 1- ва 2-залларида ўтказилади.
Иштирокчи давлатлар 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда учрашувлар олиб боради:
А гуруҳ: Ўзбекистон, Бельгия, Аргентина, Пуэрто-Рико, Покистон, Туркия
B гуруҳ: Франция, Болгария, Япония, Хитой, Жазоир, Канада
С гуруҳ: Эрон, Италия, Миср, Тунис, Польша, Испания
D гуруҳ: АҚШ, Жанубий Корея, Бразилия, Колумбия, Куба, Финляндия.
Матбуот анжуманида Спорт ҳамда Ички ишлар вазирликлари, Волейбол федерацияси мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА