Бугунги кунда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, Ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишда давлат назоратини амалга оширишда “Е-ер назорат” автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланилмоқда.
Мазкур дастур орқали ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш муддати қисқарди ва идоралараро ҳужжат алмашиш тезкорлиги оширилди.
Текширувлар жараёнидаги янгиликлар ва айрим қонунбузарликлар хусусида Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шиддатбек Абдуғаффоров қуйидагиларни маълум қилди:
– Бугунги кунда ер назоратчи инспекторларимиз тўлиқ махсус планшетлар билан таъминланган. Бу қурилма орқали аниқланган ер қонунбузилиши ҳолати жойининг ўзида электрон расмийлаштирилмоқда. Шунингдек, ер назорати тадбирларида дронлардан ҳам кенг фойдаланиляпти.
Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлим ходимлари томонидан 2025 йилнинг 6 ойи давомида пойтахтимиз ҳудудида амалга оширилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижасида 2 188 та ҳолатда 35,8 гектар ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланган.
Таҳлилларга кўра, энг кўп ерга оид ҳуқуқбузарлик Сергели (241 та ҳолатда 6,5 гектар), Миробод (231 та ҳолатда 1,1 гектар), Мирзо Улуғбек (226 та ҳолатда 3,8 гектар), Яшнобод (214 та ҳолатда 2 гектар) ҳамда Олмазор (210 та ҳолатда 2,9 гектар) туманлари ҳиссасига тўғри келган.
Аниқланган мазкур ҳолатларни бартараф этиш юзасидан берилган ёзма кўрсатмалар асосида 1 370 та ҳолатда 14,7 гектар ер қонунбузилиш ҳолатлари фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилиб, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари асл ҳолатига қайтарилди.
Ўзбошимчалик билан эгалланган 16,3 гектар ер майдонларида қурилган ноқонуний қурилмаларни буздириш юзасидан судларга 749 та даъво аризалари киритилди. Ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд бўлган 21 та иш материали ўрнатилган тартибга мувофиқ прокуратура органларига юборилди.
Хабарингиз бор, 2024 йил 5 август куни “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Бугунги кунда айрим фуқароларимиз орасида ушбу қонунни нотўғри талқин қилиб, “қурилиши мавжуд бўлса, ҳуқуқ эътироф этилар экан” деб, бўш ерга иморат қураётганлар ҳам афсуски учраб турибди. Ҳозир ноқонуний қурилиш қилиб, “бу уйни 5-10 йил олдин қурганман деган иддао билан ҳужжатлаштириб оламан” қабилида иш тутаётганлар хато ўйламоқда. Сабаби, Кадастр агентлиги томонидан ерларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича космик съёмкалар, хариталар бор. Улар ёрдамида 5-10 йил, ҳатто 20 йил ортга қайтариб текшириш мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 937-сонли Қонуни асосида 2018 йилнинг 1 май санасига қадар якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгалланган ер ҳамда ундаги бино-иншоотларга нисбатан ҳуқуқлар кўриб чиқилиши, шунингдек, ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Агар қурилма белгиланган даврдан кейин қурилган бўлса, бундай қурилмалар тегишли ташкилотлар хулосасига кўра бартараф этилади.
Шундан келиб чиқиб, Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ер ва кадастр назорати тадбирлари давомида ҳам айнан 2018 йил 1 май санасидан кейинги даврдаги ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари ўрганилди ва бартараф этиш чоралари амалга оширилди.
Маълумки, қонунчиликда ер қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган жисмоний ва юридик шахслар учун жазо муқаррарлиги қатъий белгилаб қўйилган. Чунки, Ер – умуммиллий бойлик, энг муҳим табиий ресурслардан бири. Шунинг учун ҳам бу неъматдан самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланиш зарур. Юртдошларимиздан ерга оид қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишларини, ерни ўзбошимчалик билан эгалламасликларини яна бир бор сўраб қоламиз. Зеро, ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун устуворлиги, албатта, таъминланади.
Гулноза Бобоева, ЎзА