Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Ёзувчилар, Журналистлар уюшмаларининг аъзоси, таниқли журналист Фозил Фарҳоднинг “Қанот” лойиҳасида чоп этилган “Болалик эртагим” номли публицистик китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Шу муносабат билан ташкил этилган маърифий тадбирга ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, адабиёт мухлислари таклиф этилди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, моҳир публицист, устоз журналист ва таржимон Амирқул Карим ва бошқалар кейинги йилларда ёш ижодкорларнинг асарлари тез-тез чоп этилаётгани борасидаги эзгу ишлар мамлакатимизда китобхонлик маданиятини янада ошириш, қаламкашларни янада фаол ижод қилиш сари руҳлантираётганини таъкидлади.
– Фозил Фарҳод – тиниб-тинчимас ижодкор, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам. – Бу китобда унинг кўнглини яққол кўриш мумкин. Унда юракнинг тебранишлари, бир инсоннинг тарихи, бир публицистнинг тарихини кўрасиз. Бобоси, отаси, замондошларимиз ҳақида юракдан, жуда самимият билан ёзилган. Ижтимоий мавзулардаги муаммоли мақолалар ҳам китобда келтирилганки, унда мавзуга жуда муросасизлик билан ёндашилган.
[gallery-24336]
Тақдимот тадбирида таниқли журналист Фозил Фарҳоднинг янги китоби ҳақида батафсил сўз юритилди.
“Олтин мерос пресс” нашриётида чоп этилган мазкур китобдан муаллифнинг 2011-2025 йилларда “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Моҳият”, “Ҳуррият”, “Маърифат”, “Ватанпарвар”, “Келажак овози”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ишонч”, “Китоб дунёси”, “Даракчи”, “Солиқ плюс” газеталарида, “Ёшлик” журналида, турли ижтимоий тармоқларда чоп этилган 50га яқин энг сара материали ўрин олган.
Китобни ўқиркансиз, муаллифнинг болаларча беғубор дили, образли ўхшатишлари, жуда катта марра олган орзулари, ҳеч қачон ўлмайдиган уйғоқ хотиралари оламига кирасиз, руҳиятингизга ажиб таъсир ўтказади. Ижодкор жамият танасидаги дардга айланган энг ўткир муаммоларни ҳам кескирлик билан, дона-дона қилиб ўртага қўяди, аҳолини қийнаётган жиддий муаммоларга ечимлар беради.
“Ватан ҳақида мактуб”, “Менинг уйим”, “Болалик эртагим”, “Йиғинди гаплар”, “Корея кундалиги”, “Ўзгаришимиз керак”, “Ижодкорнинг бахти”, Ўзингизга ишонинг, бошқаси бекор”, “Адабиёт – барча санъатнинг онаси” каби мақолалар ва суҳбатларни ана шундай ижод намуналари дейиш мумкин.
Фозил Фарҳод мақолаларида соғлом турмуш тарзини тарғиб этади, адабиёт ва санъатнинг шайдоси сифатида сўнгги йилларда ишланган энг ёрқин фильмларни чуқур таҳлил қилади. Суҳбат, интервью каби публицистик жанрлардан унумли фойдаланади.
Сўнгги йилларда қўшни ва хориж мамлакатларига, хусусан, Корея, Қирғиз Республикаларига амалга оширган бир нечта ижодий сафарлари таъсирида ўзбек-корейс, ўзбек-қирғиз халқлари ўртасида ривожланиб бораётган кўп қиррали дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини ўз кўрганлари, адабий учрашувларидан олган унутилмас таассуротлари асосида аниқ мисоллар орқали очиб беради, элларимиз қалбларига маънавий кўприк бўлади.
Тадбир якунида Фозил Фарҳод ижоди бўйича ўтказилган танловда иштирок этган 100дан ортиқ иштирокчи орасидан ғолиб ва совриндорлар тақдирланди.
Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА