Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт мажмуасида абитуриентларни 2025-2026 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тест синовлари бўлиб ўтмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам абитуриентларни рўйхатга олиш жорий йилнинг 5 июндан 25 июнига қадар амалга оширилди. Бу жараён тўлиқ онлайн шаклда, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайти “my.uzbmb.uz” ҳамда давлатнинг интерактив хизматлар маркази “my.gov.uz” орқали ташкил этилди. Якуний хулосаларга кўра, Жиззах вилоятида тест синовларида иштирок этадиган абитуриентлар сони 35 минг 48 нафарни ташкил этди.
– Қабул учун тест синовлари ўтаётган Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт мажмуасида ҳар куни 4200 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этмоқда, – дейди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Жиззах вилояти бўлими бошлиғи Иброҳим Ҳотамов. – Вилоятда тест синовлари 9 кун давом этади. Синовлар жорий йилнинг 14 июлидан бошланган бўлса 22 июль куни якунланади.
Тест синовлари ўтказиладиган бинода абитуриентлар учун барча зарур шароитлар яратилган. Ҳар бир имтиҳон топширувчи учун бир ўринга мўлжалланган стол-стуллар жойлаштирилган, жазирама иссиқ ҳаво инобатга олинган ҳолда бинога мўътадил ҳаво ҳароратини сақлаш учун совитиш қурилмалари ўрнатилган.
[gallery-24341]
Тест синовларини адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида бинога камералар ўрнатилган. Шунингдек, тест синовларида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги билан шартнома имзолаган 154 нафар гуруҳ назоратчилари ва сурдо таржимонлар ҳам иштирок этмоқда.
Шу ўринда, тест синовларида иштирок этиш учун келган имконияти чекланган абитуриентларга ҳам барча қулайликлар яратилганини таъкидлаш жоиз. Эшитиш ва гапиришида нуқсони бор абитуриентлар учун сурдо таржимонлар жалб қилинган. Таянч ҳаракат аъзоларида нуқсони бор, имконияти чекланган абитуриентлар учун махсус ногиронлар аравачалари олиб келинган.
Абитуриентларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари учун соя-салқин кутиш жойлари ташкил қилинган. Катта мониторларда тест синовлари жараёни онлайн тарзда намойиш этилмоқда. Қолаверса, “test 2025.uz” сайти орқали тест синовлари жараёнини онлайн кузатиб бориш ҳам мумкин.
– Шу ўринда абитуриент ва уларнинг ота-оналарига баъзи эслатмаларни айтиш жоиз, – дейди Иброҳим Ҳотамов. – Тест синовлари ўтказиладиган бинога шахсни тасдиқловчи ҳужжат(биометрик паспорт, ID карта, хорижга чиқиш биометрик паспорти, янги тартибдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси)нинг асл нусхаси билан рухсатномада кўрсатилган сана ва вақтдан кечикмаган ҳолда, яъни биринчи сменадаги абитуриент соат 06:30 га қадар, иккинчи смена эса соат 13:30 га қадар етиб келиши шарт. Белгиланган вақтдан кеч келган абитуриентлар бинога киритилмайди. Ушбу тест синовлари бир киши учун фақат бир марта, рухсатномада кўрсатилган сана ва вақтда ўтказилади, бошқа вақтда ҳеч бир шахс учун алоҳида тест синовлари ўтказилмайди.
Шунингдек, тест синовлари ўтказиладиган бинога таъқиқланган воситалар(уяли алоқа қурилмалари, калкуляторлар, ақлли соат ва ақлли кўзойнаклар, китоблар ва ҳоказолар)сиз келиш лозим. Бинога таъқиқланган воситаларни олиб киришга уринган абитуриентлар тест синовларидан четлаштирилади ва бинога киритилмайди.
Азиз абитуриентлар, ўз иқтидорингизни ва албатта, умумтаълим мактабларида устозларингиздан олган сабоқларингизни намоён қиладиган вақт келди, энди барчаси ўз қўлингизда, омад сизларга ёр бўлсин.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари