Ўзбекистон боғдорчилик, сабзавот-полизчилик сингари қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоқларида бой тажриба ва юксак илмий салоҳиятга эга. Бу, айниқса, кейинги йилларда соҳа истиқболига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли янада яққолроқ намоён бўлмоқда.
Натижада боғ ва дала неъматлари етиштириш ҳажми тобора ортиб, уларга бўлган ички эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш баробарида, экспорт салмоғи кўпаймоқда. Қисқа давр ичида ўрик, олхўри, гилос, узум, ёнғоқ, карам, шунингдек, бошқа кўплаб мева ва сабзавотлар экспорт қилиш ҳажми бўйича мамлакатимиз дунёда етакчи давлатлар сафидан мустаҳкам жой эгаллаб бораётгани қувонарли.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, бу борадаги илғор мамлакатларни эътироф этган ҳолда АҚШнинг WORLD POPULATION RIVER нашри ўрик етиштирувчи мамлакатлар харитасини эълон қилди.
Шунингдек, Италиянинг cherrytimes.it нашри ҳам ўрик етиштирувчи давлатларнинг ТОП 10 талигини эълон қилди ва буларнинг барчасида Ўзбекистонни етакчи давлатлар қаторида кўришимиз мумкин. Ўзбекистонда 2024 йил якунида 527 минг тонна ўрик етиштирилган. Шундай қилиб, юртимиз ҳамон дунёда ўрик етиштириш бўйича иккинч ўринни эгаллаб турибди.
Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон учун Хитой – энг йирик бозорлардан бири. 2016 йили Хитой 5,8 миллиард долларлик мева импорт қилган. 2030 йилга бориб, фақат гилос, олхўри, узум ва ўрик мевалари импорти 1,8 миллиард долларгача ўсиши прогноз қилинган.
Соҳа мутахассисларининг айтишича, аграр соҳа тубдан ислоҳ қилиниб, амалиётга замонавий илм-фан ютуқлари, интенсив агротехнологиялар қўлланилаётгани, деҳқон ва боғбонлар фаолияти ҳар томонлама рағбатлантириб келинаётгани тармоқ ривожида янги уфқларни очиб берди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА