Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш жараёни ва Жанубий Кореянинг “Hyundai Rotem” тез юрар поездларини харид қилиш режаси билан танишди. ЎзА мухбири Республикамизда бундай йирик инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштиришда муносиб ўрнига эга Корея Экспорт-импорт банкининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Канг Сангжин билан суҳбатлашди.

– Жаноб Канг, дастлаб Корея Экспорт-импорт банкининг мамлакат ва халқаро миқёсдаги тажрибаси, шунингдек Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳақида гапириб берсангиз?
– Корея Экспорт-импорт банки (KEXIM) 1976 йил ташкил этилгандан бери асосий сиёсатга асосланган молия институти сифатида Жанубий Корея иқтисодий тараққиётида марказий ўрин эгаллаб келмоқда. Корея ҳамон чекланган капитал ва технологияга эга ривожланаётган мамлакат бўлган бир пайт KEXIM экспортга йўналтирилган компаниялар, асосий тармоқлар ва хориждаги завод ва ресурсларни ривожлантириш лойиҳаларини стратегик молиялаш орқали экспортга асосланган саноатлашувни қўллаб-қувватлади. Бу мамлакатнинг глобал рақобатбардошлигини оширишга сезиларли ҳисса қўшди.
Биз хусусий молия институтлари жазм қила олмайдиган таваккалчиликни зиммамизга олиб, Иқтисодий ривожланиш бўйича ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) доирасида экспорт кредити, кафолат, лойиҳани молиялаштириш ва имтиёзли кредит каби қатор воситаларни таклиф қилиш орқали молиявий бўшлиқни тўлдирдик. Шу орқали нафақат корейс компаниялари фаолияти хорижда кенгайишига кўмаклашдик, балки ҳамкор мамлакатлар инфратузилмаси ва саноати ривожига ҳам ҳисса қўшдик. Шу тариқа муассасамиз Кореянинг ёрдам олувчидан донорга айланишида муҳим ўрин тутди.
Йиллар давомида тўпланган малака ва тажрибамиз Кореянинг тўрт махсус стратегик ҳамкорларидан бири – Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлиги ҳақида бевосита маълумот бера олади. Биз темир йўл, соғлиқни сақлаш, рақамли инфратузилма, энергетика каби муҳим тармоқларда миллий тараққиётнинг устувор йўналишлари ва ислоҳотлар кун тартибига чамбарчас мослаштирилган молиявий ечимларни фаол тақдим этяпмиз.
KEXIM нафақат молия билан таъминлаш, балки Корея технологиялари, ноу-хау (know-how – ишнинг кўзини билиш) ва институционал салоҳият улашиш ва ўзаро ишончга асосланган узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатишга интилади. Мақсадимиз Кореянинг муваффақиятли тажрибасига асосланган, мунтазам ўсишга қаратилган шериклик орқали Ўзбекистон барқарорлигини қўллаб-қувватлашдир.
Мухтасар айтганда, банкимизнинг миллий иқтисодиёт юксалишини қўллаб-қувватлаш жараёнидаги мероси бугун Ўзбекистон билан бирга сезиларли қиймат яратишда давом этмоқда ва бу мамлакатларимиз фаровонлигини таъминлашга кўмаклашади.
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев яқинда Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш якуни ва Кореядан тез юрар поездлар харид қилиш режаси билан танишди. Умуман, бундай йирик лойиҳаларни молиялаштиришда KEXIM қандай роль ўйнайди?
– Корея Экспорт-импорт банки (KEXIM) Ўзбекистон миллий инфратузилмасини ривожлантириш ва узоқ муддатли ўсишни қўллаб-қувватлашда стратегик сиёсат бўйича молия ҳамкор ҳисобланади. Турли молиялаштириш воситаларидан фойдаланган ҳолда банкимиз икки давлат ўртасидаги иқтисодий шерикликни чуқурлаштиришга фаол ҳисса қўшмоқда.
Бухоро – Урганч – Хива темир йўлини электрлаштириш жараёни ва Кореядан тез юрар поездлар харид қилиш режаси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан шахсан кўриб чиқилгани бизни қувонтирди, албатта. Зеро, бу икки ташаббус KEXIM томонидан қўллаб-қувватланаётган энг муҳим инфратузилма лойиҳалари ҳисобланади.
Банкимиз юқори тезликда ҳаракатланувчи таркиб етказилиши учун имтиёзли кредит ажратди. Бу маблағ ривожланаётган мамлакатлар учун Корея ҳукумати расмий ривожланиш ёрдами – ODA воситаси ҳисобланган Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) орқали ўтказилади. Мазкур ташаббус Ўзбекистон ғарбида минтақавий алоқа ва иқтисодий фаолликни сезиларли даражада кучайтириши кутиляпти. Қолаверса, муваффақиятли ҳамкорликнинг давоми сифатида KEXIM Тошкент – Самарқанд тез юрар йўловчи темир йўли лойиҳаси техник-иқтисодий асосини ҳам қўллаб-қувватламоқда. Узоқ муддатли имтиёзли молиялаштириш ва миллий темир йўл тармоғини мустаҳкамлаш учун замин яратиш мақсади кўзланган бу тадқиқот EDCF техник ҳамкорлик гранти дастури ёрдамида молиялаштирилади.
Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий инфратузилма лойиҳалари, жумладан шифохона, мактаб, темир ва автомобиль йўллари барпо этиш учун фаол жорий этилган EDCFдан ташқари, KEXIM бошқа турли молиявий воситалардан фойдаланиб инфратузилма ва саноат ривожини қўллаб-қувватламоқда.
Масалан, ECA (экспорт-кредит агентлиги) молияси кўмагида, корейс компаниялари иштирокида амалга оширилаётган 1 миллиард долларлик Сурғил газ конини ўзлаштириш ва 600 миллион доллар қийматга эга Ўзбекистон GTL заводи каби йирик энергетика инфратузилмаси лойиҳалари Корея Республикаси – Ўзбекистон саноат ҳамкорлиги мезонини белгилайди.
Бундан ташқари “Ўзмиллийбанк”, “Асака банк” ва “Ўзсаноатқурилишбанк” каби маҳаллий ҳамкорлар билан банклараро молиялаштириш воситалари орқали KEXIM Корея – Ўзбекистон ўзаро савдоси ривожлантирилмоқда. Хусусан, “Kia Motors” томонидан автомобил ва бошқа саноат маҳсулотлари етказиб бериш қўллаб-қувватланиб, реал иқтисодиётга бевосита ҳисса қўшиляпти.
KEXIM ҳозир янги ташкил этилган, ярим ўтказгич, батарея ва муҳим минераллар орқали стратегик таъминот занжирини мустаҳкамлашга қаратилган Таъминот занжирини барқарорлаштириш жамғармаси ёрдамида Ўзбекистон билан ҳамкорлик салоҳиятини ўрганмоқда. Муайян лойиҳалар ҳали ишга туширилмаган бўлса-да, Жамғарма келажакда икки давлат саноати қиймат занжирини мослаштириш учун истиқболли йўлни таклиф этади.
Хусусий секторни ривожлантириш сармояси (PDIF) давлат ресурсини хусусий капитал билан уйғунлаштириш орқали давлат-хусусий шериклик тизимини қўллаб-қувватлайди. Айни пайт муассасамиз республикада соғлиқни сақлаш, таълим ва логистика соҳасидаги инфратузилма лойиҳаларига PDIF сармоясини жалб этишга фаол интилмоқда. Бу муҳим хизматлар янада самарали ва барқарор тарзда кўрсатилишини таъминлайди.
Шу билан бирга KEXIM Ўзбекистоннинг яшил ўсиш, рақамли трансформация ва соғлиқни сақлаш инфратузилмаси каби асосий ривожланиш устуворликларига стратегик урғу беради.
Яшил ривожланиш соҳасида Ўзбекистоннинг кам углеродли иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлаш мақсадида биз қайта тикланадиган энергия, энергия самарадорлиги ва экологик тоза транспорт лойиҳаларини илгари сурмоқчимиз.
Рақамли трансформацияда замонавий рақамли иқтисодиётни барпо этишга кўмаклашиш мақсадида ақлли таълим, электрон ҳукумат ва рақамли соғлиқни сақлаш ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.
Соғлиқни сақлаш соҳасида барқарорлик ва самарадорликни таъминлайдиган интеграциялашган операцион модел орқали Тошкент шаҳрида комплекс тиббий кластер, жумладан катталар ва болалар шифохоналари, миллий онкология маркази ва тиббиёт университетини ривожлантиришга ҳисса қўшиш режалаштирилган.
Ушбу молиявий воситалардан стратегик мақсадларда фойдаланиш орқали, яъни Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси имтиёзли кредити, Экспорт-кредит агентлиги лойиҳалари молиявий манбалари, Банклараро кредит тизими, Таъминот занжири барқарорлиги жамғармаси ва Хусусий секторни ривожлантириш сармояси кўмагида Корея Экспорт-импорт банки шунчаки молиялаштириш эмас, балки Ўзбекистон тараққиёти йўлида ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айланишни мақсад қилган. Биз мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш баробарида Ўзбекистоннинг ислоҳотлар кун тартиби ва миллий устуворлигига мос молиявий ечимлар тақдим этиш тарафдоримиз.
– Маълумки, KEXIM қарийб 1 миллиард долларлик Устюрт газ-кимё мажмуаси лойиҳасининг асосий кредиторларидан бири ҳисобланади. Ушбу ҳамкорлик банк учун нечоғли аҳамиятли?
– Дарҳақиқат, Корея Экспорт-импорт банки Ўзбекистонда нефть ва газ-кимё бўйича йирик лойиҳаларнинг асосий халқаро молиячиларидан биридир.
Сурғил газ кони негизидаги Устюрт газ-кимё мажмуаси йирик иншоот қуриш бўйича умумий қиймати 4 миллиард долларлик муҳим объект ҳисобланади. Мазкур лойиҳа тенг нисбатда “Ўзбекнефтгаз”га тегишли қўшма корхона – “Uz-Kor Gas Chemical” махсус мақсадли компанияси ва “Koreya gaz korporatsiyasi (KOGAS)”, “Lotte Chemical” ва Қайта тикланадиган энергия, хусусан шамол электр станцияларига ихтисослашган GS E&R компанияларидан ташкил топган Корея консорциуми орқали амалга оширилди. Банкимиз мазкур ташаббусни тўғридан-тўғри молиялаштириш учун 1 миллиард доллар ажратди. Бу Ўзбекистон тарихидаги илк шундай битим бўлиб, Корея ва Ўзбекистон ресурслари уйғунлашувига доир энг ёрқин мисол сифатида кенг миқёсда эътироф этилган. Корея компаниялари лойиҳалаш ва қуришдан бошлаб, объектни фойдаланишга топшириш ва маҳсулот олишгача бўлган бутун жараёнда даромадни имкон даражасида ошириб, Марказий Осиёда Корея етакчилигидаги ресурсларни ривожлантириш намунасини намойиш этди.
Иккинчидан, Шўртан газ-кимё мажмуаси яқинида жойлашган GTL (Газдан суюқликка) заводи лойиҳаси табиий газни бир суткада 38 минг баррелни қайта ишлаш қувватига эга бўлган дизель, керосин, нафта каби қимматбаҳо нефть маҳсулотларига айлантиришга қаратилган. Ушбу лойиҳа фақат “Ўзбекнефтгаз” томонидан илгари сурилади ва KEXIM томонидан 600 миллион доллар тўғридан-тўғри молиялаш – 500 миллион доллар кредит ва 100 миллион доллар кафолат сифатида тақдим этилди. Hyundai Engineering ва Hyundai E&C лойиҳалаш ва харид қилиш учун масъул бўлган, 120 дан ортиқ Кореянинг кичик ва ўрта компаниялари ускуналар етказиб беришда иштирок этган, натижада Кореяда харидлар нисбати 70 фоиздан ошди. Бошқа минтақалардаги шунга ўхшаш лойиҳалар учун одатий 30 фоиз билан солиштирганда ажойиб кўрсаткич. Лойиҳа Корея саноатининг Марказий Осиёдаги хориждаги иштирокини кенгайтиришга сезиларли ҳисса қўшди.
Ҳар иккала лойиҳа ҳам KEXIM учун муҳим стратегик аҳамиятга эга. Молиявий ёрдамга қўшимча равишда, Банк дастлабки босқичларданоқ фаол роль ўйнади – молиялаштириш тизимини тузиш, шартларни келишиш ва тижорат банклари ўзлаштира олмайдиган суверен ва лойиҳа таваккалчилигини ўз зиммасига олди. Бу лойиҳалар нафақат муваффақиятли саноат кооперацияси, балки икки томонлама ишонч тимсоли ва Ўзбекистондаги корейсча ривожланиш молиясининг флагман моделларидир.
Тўғридан-тўғри лойиҳаларни молиялаштиришдан ташқари, KEXIM Ўзбекистоннинг асосий тижорат банклари, жумладан, Ўзмиллийбанк, Асака банк ва Ўзсаноатқурилишбанк билан кредитлаш бўйича келишувлар каби билвосита молиялаштириш механизмлари орқали ривожланиш бўйича ҳамкорликни кенгайтирди. Ушбу иншоотлар маҳаллий корхоналар учун узоқ муддатли молиялаштириш имкониятларини кенгайтиради ва Корея-Ўзбекистон хусусий сектори савдо ва саноат ҳамкорлигини кенгайтиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришда KEXIM ва сизнинг фикрингизча, Корея ишбилармон доираларининг стратегик манфаатлари қандай? Келажакдаги ҳамкорлик учун – Ўзбекистоннинг қайси соҳалари ёки лойиҳаларини энг истиқболли деб ҳисоблайсиз?
– Корея Экспорт-импорт банки Корея ва Ўзбекистон учун ўзаро манфаат келтирадиган амалий, узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдори. Банкимиз фақат қисқа муддатли ютуқларга эътибор қаратиш ўрнига, ўзининг ривожланиш тажрибаси ва сиёсатга асосланган молиявий воситаларидан фойдаланган ҳолда, худди Кореяда бўлгани каби, Ўзбекистон бизнес ва тармоқларини мазмунли ўсишга эришишда қўллаб-қувватлашни мақсад қилган.
Ўзбекистон ўзининг сўнгги ислоҳотлари ва либераллашуви, динамик ва жозибадор инвестиция муҳитини яратиш орқали ажойиб муваффақиятларга эришди. Корея компаниялари учун Ўзбекистон асосий узоқ муддатли ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда, айниқса, саноат тузилмаси, технологик имкониятлар ва ривожланиш эҳтиёжлари бўйича икки давлатнинг бир-бирини тўлдирувчи хусусиятини ҳисобга олган ҳолда.
Келажакдаги ҳамкорликнинг энг истиқболли тармоқларига қуйидагилар киради:
• Транспорт инфратузилмаси, хусусан, темир йўл ва шаҳар транзит тизимларини модернизация қилиш, бу икки томонлама ҳамкорлик учун кучли имкониятлар яратади.
• Соғлиқни сақлаш, бу ерда KEXIM Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва аҳоли саломатлигини яхшилашга кўмаклашиш мақсадида Тошкент тиббиёт кластерини, жумладан, катталар шифохонаси, болалар шифохонаси, миллий онкология маркази ва тиббиёт университетини ишлаб чиқиш ва эксплуатация қилиш лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда.
• Барқарор, кам углеродли ривожланишни рағбатлантириш учун қайта тикланадиган энергия, энергия самарадорлиги ва экологик тоза транспорт инфратузилмасига эътибор кучайган ҳолда яшил ўсиш.
• Ўзбекистоннинг саноат модернизацияси ва рақамли иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашувчи ақлли таълим, рақамли соғлиқни сақлаш ва АКТ инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш орқали рақамли трансформация.
• Бундан ташқари, аёллар тадбиркорлиги, касб-ҳунарга ўргатиш ва ёшлар бандлиги каби инклюзив ривожланиш соҳалари ҳам асосий устувор йўналиш ҳисобланади. KEXIM ушбу муҳим тармоқларни қўллаб-қувватлаш учун ўз дастурлари ва молиявий воситаларини кенгайтирмоқда.
Бир сўз билан айтганда, KEXIM анъанавий молиялаштириш доирасидан ўтиб, Ўзбекистон билан ривожланишнинг ҳақиқий ҳамкори сифатида ҳамкорлик қилишга интилади – умумий фаровонлик, саноат кооперацияси ва чуқур ўзаро ишонч орқали икки мамлакат бирга ривожланадиган келажакни қуришга ёрдам беради.
Мазмунли суҳбат учун ташаккур, жаноб Канг!
ЎзА мухбири Муҳаррама Пирматова суҳбатлашди.