Бугунги кунда дунёда табиий маҳсулотларга, айниқса, доривор ўсимликларга бўлган эҳтиёж тобора ортаётгани кузатилмоқда. Бу нафақат анъанавий табобат, балки фармацевтика саноатида ҳам кенг қўлланилаётган тенденция ҳисобланади.
Доривор ўсимликлар – табиат томонидан инсонга инъом этилган қимматли ресурслардан бири бўлиб, уларни етиштириш, қайта ишлаш ва шифобахш маҳсулотлар тайёрлаш йўналишида кўплаб давлатлар катта ютуқларга эришмоқда. Жумладан, Хитой ва Ҳиндистон каби мамлакатлар доривор ўсимликлар етиштириш ва экспорт қилиш бўйича етакчилар қаторида саналади.
Масалан, Хитойда анъанавий тиббиёт йўналиши давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айланган. Ҳиндистонда эса Аюрведа тизими доирасида минглаб турдаги доривор ўсимликлар етиштирилиб, дунё бўйлаб экспорт қилинади. Европа мамлакатларида ҳам органик ва экологик соф дори-дармонга талаб юқори бўлиб, Германия, Франция, Болгария каби давлатлар бу соҳани рақобатбардош тармоққа айлантирган.

Ўзбекистон ҳам бу борада катта салоҳиятга эга мамлакат бўлиб, сўнги йилларда ушбу соҳани ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган 2022 йил 5 майдаги “Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор муҳим дастуриламал бўлаётир.
Айни пайтда Ўзбекистонда 750 турдаги доривор ўсимликлар мавжуд, шундан 112 тури илмий тиббиётда фойдаланиш учун рўйхатга олинган. Амалда эса 70 тури тиббиёт ва фармацевтика саноатида қўлланилмоқда.
Мамлакатимиздаги мавжуд иқлим, тупроқ ва географик шароит турли хил доривор ўсимликларни етиштириш учун қулай имконият яратади. Ҳозирги кунда республикамизда қишлоқ хўжалиги ерларида – 21 689 гектар, ўрмон фонди ерларида – 5 280 гектар, жами 26 969 гектар майдонда доривор ўсимликлар етиштирилмоқда. Бу майдонларда жами 30 минг 433 тонна доривор ўсимлик хомашёсини етиштириш кўзда тутилган. Эътиборлиси, бу ҳажм йилдан йилга ортиб бормоқда.
Соҳани ривожлантиришда “ББУ-Азамат” тажрибаси алоҳида эътирофга лойиқ. Унинг асосий ғояси – аҳоли томорқаларидан фойдаланган ҳолда доривор ўсимликлар етиштиришни йўлга қўйиш, яъни кооперация асосида аҳолини банд қилиш ва даромад манбаини кенгайтиришдир. 2025 йилда ушбу тажриба Қашқадарё вилояти Қамаши туманида амалиётга жорий қилинди ва 1200 та хонадонда “Гулҳайри” доривор ўсимлиги етиштирилмоқда. Бугунги кунга келиб ушбу модель асосида 20 турдаги доривор ўсимликлар (Гулҳайри, Бўтакўз, Қизилмия, Валерияна ва бошқалар) етиштирилмоқда.

Бу тажриба аҳолини нафақат даромад билан таъминламоқда, балки ички бозор учун зарур доривор хомашёни маҳаллий манба ҳисобидан қоплаш имконини ҳам яратмоқда. Бошқа ҳудудлардаги лойиҳалар “ББУ-Азамат” тажрибаси бошқа вилоятларда ҳам татбиқ этиш учун ўрганилмоқда. Айниқса, Сурхондарё, Самарқанд, Наманган ва Фарғона вилоятларида йирик кўламда доривор ўсимликлар плантациялари яратиш бўйича дастурлар ишлаб чиқилган. Ҳар бир ҳудудда иқлим шароитларига мос келувчи ўсимликлар танланмоқда.
2024 йил якунига кўра, мамлакатда етиштирилган доривор ўсимликлар хомашёсидан умумий ҳисобда 56,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Буюк Британия, Германия, Россия, Қозоғистон, Хитой ва бошқа мамлакатлар Ўзбекистоннинг доривор ўсимликларига талаб билдирмоқда.
Ички бозорда эса мазкур хомашё асосида доривор воситалар ишлаб чиқариш, табиий компонентлардан тайёрланган косметик воситалар ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш фаол ривожланмоқда. Шунингдек, анъанавий халқ табобатида ҳам кенг фойдаланилмоқда.
Бундан келиб чиқадики, Ўзбекистонда доривор ўсимликлар етиштириш нафақат шифобахш, балки иқтисодий жиҳатдан самарали йўналиш. Энг муҳими, бу жараёнда аҳолининг фаол иштирок этиши қишлоқ хўжалигининг диверсификацияси ва барқарор ривожига ҳисса қўшади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА