Жорий йилнинг 21 июль – 4 август кунлари Тошкент шаҳридаги “Юнусобод” ва Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуаларида волейбол бўйича 19 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтади.
Бугун мазкур жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш бўйича Ташкилий қўмита йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов раислигида тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун юртимизга 24 та миллий терма жамоаларнинг 288 нафар спортчилари келиши, мусобақалар давомида 42 медаллар жамланмаси учун баҳслар ўтказилиши таъкидланди.

Жаҳон чемпионати мусобақаларини бошқариш учун хорижий давлатлардан 56 нафар халқаро тоифадаги ҳакамлар келаётгани, уларга 50 нафар маҳаллий ҳакамлар кўмак кўрсатиши айтилди. Мусобақа иштирокчиларини кутиб олиш, уларнинг машғулот ўтказиши, ҳаракатланиши, саломатлигини асраш, машғулот майдонларини талаб даражасига келтириш, ўйинлар давомида мухлислик маданияти, мусобақа ўтадиган залларда керакли шарт-шароитларни вужудга келтириш каби бир қатор масалалар бўйича тегишли ташкилот ва идора масъулларига зарур кўрсатмалар берилди.

Муҳокамалар давомида жаҳон чемпионатини ўтказиш, иштирокчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, жаҳон чемпионатининг маданий тадбирлари, хорижий давлат делегатларига юртимиз бўйлаб туристик саёҳатлар ташкил этиш каби йўналишларга жавобгар мутахассисларнинг ҳисоботлари тингланди.
Йиғилиш якунида масъулларга халқаро мусобақа иштирокчилари жойлашадиган, овқатланадиган, ташриф буюрадиган жойлар ва уларнинг атроф-ҳудудларида жамоат тартиби сақланиши, ёнғин ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш каби бир қатор масалалар бўйича тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА