АОКАда Уруғчиликни ривожлантириш маркази ахборот хизмати раҳбари Чарос Омонова иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда қайд этилишича, жорий йил 14 июль ҳолатига кўра республика бўйлаб жами 200,3 минг тонна уруғлик дон жамғарилган. Бу кўрсаткич дастлаб белгиланган режага нисбатан 100,1 фоизга бажарилганини англатади. Йиғилган уруғлик донининг 47,1 фоизи дон корхоналарида, 36,2 фоизи Уруғчиликни ривожлантириш маркази тизимидаги корхоналарда, 16,4 фоизи кластерларда ва 0,4 фоизи Миллий марказ тизимидаги ташкилотларда сақланмоқда.
Юртимизда 2026 йил ҳосили учун ғалла экинларига мўлжалланган уруғлик захирасини шакллантириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2025 йилги ҳосилдан бошлаб сифатли ва навдор уруғлик дон етиштириш тизими жорий этилди. Ушбу мақсадда “Агроплатформа” ахборот тизими орқали очиқ ва шаффоф танловлар ташкил этилиб, 2 минг 913 та қишлоқ хўжалиги субъекти танлаб олинди, уларга 79 минг 755 гектар майдон бириктирилди.

Уруғлик экин майдонларида агротехник тадбирлар сифати, нав тозалиги ва сертификатлаш мезонлари бўйича мониторинг ишлари олиб борилган. “Э-уруғ” ахборот тизими орқали амалга оширилган апробация тадбирлари натижасида 261 та субъектга тегишли 15,2 минг гектар майдон талабга жавоб бермагани сабабли уруғлик сифатида тан олинмади ва захирага киритилмади. Айни пайтда 2 минг 613 та субъектга тегишли 64,7 минг гектар майдон яроқли деб топилди ва улардан уруғлик дон йиғиб олиш ишлари якунланди.
Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда, энг кўп уруғлик дон етиштирилган майдонлар Фарғона (8178 га), Тошкент (8001 га), Қашқадарё (8608 га), Самарқанд (8599 га) ва Сирдарё (7068 га) вилоятларига тўғри келмоқда. Ушбу натижалар нафақат уруғчилик тизимидаги ислоҳотларнинг самараси, балки қишлоқ хўжалиги соҳасида рақамли технологияларнинг жорий қилиниши орқали эришилган натижалар сифатида қайд этилмоқда.
Бу захира 2026 йил ҳосили учун юқори сифатли ва сертификатланган ғалла уруғликларини таъминлаш орқали республика бўйича барқарор ҳосилдорликка эришишга хизмат қилади. Шунингдек, уруғлик сифатини доимий мониторинг қилиш ва тасдиқлаш тизими орқали бозор талаблари асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари кенгаймоқда.
2026 йил ҳосили учун уруғлик ғалла етиштиришни режалаштираётган қишлоқ хўжалиги субъектлари ўртасида танлов эълон қилинмоқда. Мазкур танлов “Э-уруғ” ахборот платформаси орқали 2025 йил 15 июлдан 5 август соат 18:00 га қадар онлайн шаклда ўтказилади. Танловда иштирок этишни истаган фермер хўжаликлари, кластерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқа манфаатдор субъектлар белгиланган муддатда платформада рўйхатдан ўтишлари ва зарур ҳужжатларни электрон тарзда юклашлари зарур.
Танловнинг асосий мақсади 2026 йил ҳосили учун сифати, навдорлиги ва агротехник талабларга жавоб берадиган ғалла уруғларини етиштиришда иштирок этувчи масъул ва тажрибали субъектларни аниқлаш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва уруғчилик тизимини янада такомиллаштиришдан иборат.
Тегишли меъёрий ҳужжатларга мувофиқ, танлов якунида ғолиб деб топилган субъектларга уруғлик ғалла етиштириш учун майдонлар бириктирилади ҳамда улар устидан мониторинг ва апробация тадбирлари олиб борилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА