Парламент қуйи палатаси мажлисида “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Қонун билан «Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига нашриёт бош муҳаррирининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, китобхонлик маданиятини рағбатлантиришга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартириш киритилмоқда.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари томонидан берилган қатор таклифлар эътиборга олингани ва уларнинг аксарияти ҳужжат матнида ўз ифодасини топганини қайд этдилар.
[gallery-24327]
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ноширлик маҳсулотларини қонунчиликка мувофиқ сифатли чоп этилиши ҳамда жамиятда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Мажлисда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Жаҳонда озиқ-овқат, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бораётган бугунги кунда ушбу қонун лойиҳасининг аҳамияти катта бўлмоқда.
Шу сабабли, лойиҳа яқинда Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қизғин баҳс-мунозаралар асосида кўриб чиқилган эди.
Ҳужжат иккинчи ўқишгача бўлган даврда фермерлар, деҳқонлар ва бошқа маҳсулот етиштирувчилар билан яна бир бор муҳокамалардан ўтказилди.
Мажлисда депутатлар дала четларида маҳсулот етиштириш бўйича қонунчилик ҳужжатлари асосида жорий этилган янги тартибга алоҳида эътибор қаратишди. Унга кўра, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ҳар йили 1 январга қадар сув таъминоти ва экин экиш имконияти мавжуд бўлган ерлар танлаб олинади ва ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, экин турлари бўйича ҳокимликларга таклиф берилади.
Ҳокимликлар томонидан эса ҳар йили 1 февралга қадар тегишли йил ҳосили учун дала четларида етиштириладиган маҳсулот, уларнинг тури, кўчати, уруғи ва ажратилган ер майдонлари бўйича йиллик прогноз кўрсаткичлар тасдиқланади.
Шунингдек, янги тартибда дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирганларига фитосанитария сертификати бепул берилиши, мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши ҳамда ҳар бир маҳсулот етиштирувчиларга кўмак кўрсатиш учун Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ҳудудий инспекторлари бириктирилиши каби рағбатлантирувчи механизмлар мавжуд.
Айтиб ўтилганидек, амалдаги қонунчиликда дала четларининг экин экилиши белгиланган майдонларида ер эгаси ўзи мақбул экин экиши ёки иккиламчи ижарага берган ҳолда экин экилишини ташкил қилиши белгиланган. Агарда вазифа бажарилмаса, яъни ер эгаси ўзи экин экмаса, оширилган солиқ тўлаши, иккиламчи ижарачи экин экмаса, жаримага сабаб бўлади.
Қонун лойиҳасида республикамизнинг айрим ҳудудларида иқлим шароитидан келиб чиқиб, апрель ойида ҳам бирламчи экин экилиши ҳолатлари мавжудлигини инобатга олган ҳолда, маҳсулотларни 1 майга қадар экиш зарурлиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Шунингдек, маҳсулот етиштирмаганлик учун ер эгасининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларига ер солиғини оширилган ҳолда ҳисоблаш ер участкасининг фақат экин экилмаган қисми учун белгиланиши кўрсатиб ўтилмоқда.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимчалар ҳам амалиёт билан уйғун ҳолда такомиллаштирилиб, жарима фақатгина дала четларини иккиламчи ижарага олган ижарачиларга нисбатан қўлланилиши белгиланмоқда. Ушбу жарималар миқдори ҳам камайтирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача қўлланилиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Мажлисда кўрилган навбатдаги масала “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника буюмларининг муомаласи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан айрим пиротехника буюмларини, хусусан, хавфли ҳудуди кичик бўлган Бенгал маёқчалари, дастурхонни ва тортларни безашда ишлатиладиган турли эффектлар берувчи пиротехника буюмларини жисмоний ва юридик шахслар томонидан яратиш, ишлаб чиқариш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ташиш, реализация қилиш, сотиб олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишга оид амалдаги тартиб сақлаб қолинмоқда.
Шу билан бирга, қолган хавфли турдаги пиротехника буюмларини эса фақатгина техник ва махсус мақсадларда яратиш, ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, реализация қилиш ва фойдаланишга рухсат бериш кўзда тутиляпти.
Қонун лойиҳаси пиротехника буюмлари муомаласи соҳасида назоратни кучайтириш ва таъсир чораларининг самарадорлигини ошириш, шунингдек соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда махсус мослаштирилмаган шароитларда, номаълум, сифатсиз компонентлардан ишлаб чиқарилган ва сертификатланмаган, республика ҳудудига ноқонуний йўллар билан олиб кирилган пиротехника буюмларидан аҳолининг жабрланиши ва зарар кўриши ҳолатларини бартараф этишга қаратилган.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Н.Насриев,
Р.Назарматов(сурат)
ЎзА