Қирғиз Республикаси Иссиқкўл вилояти Тон туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бунёд этилган «Bo‘ston resort» дам олиш мажмуасининг дастлабки босқичи фойдаланишга топширилди.
Шу йил 12 июль куни муаззам кўл соҳилида, тоғлар этагида қад ростлаган «Bo‘ston Resort» дам олиш масканининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унга Ўзбекистон ва Қирғизистон касаба уюшмалари фаоллари, ижодкор-зиёлилар ҳамда Қирғиз Республикасидан фахрий меҳмонлар таклиф этилди.
Улар урф-одатларимизга кўра, карнай-сурнай, доира садолари остида тантанали кутиб олинди. Шу асно «Bo‘ston Resort» дам олиш масканининг рамзий лентаси қирқилди. Қўй сўйилиб, қурбонлик маросими ўтказилди. Қуръон тиловат қилинди. Йиғилганлар икки мамлакатнинг истиқболли ҳамкорлиги, халқлар ўртасидаги биродарлик, оға-ини, ака-укачилик, қуда-андачилик абадий бўлишини тилаб, дуога қўл очдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Иссиқкўл соҳилида қад ростлаган «Bo‘ston Resort» дам олиш мажмуасининг биринчи босқичи тантанали очилиши билан йиғилганларни самимий муборакбод этди.
Маросим давомида сўзга чиққанлар охирги йилларда икки давлат ўртасида олиб борилаётган дўстлик алоқалари, мамлакатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан катта ўзгаришлар рўй бергани, хусусан, чегаралар очилгани, натижада халқлар ўзаро борди-келдини қайта тиклашганини мамнуният билан қайд этишди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли икки томонлама алоқалар янгича шакл ва мазмун касб этиб, мисли кўрилмаган ютуқларга эришилмоқда.
Хусусан, 2023 йилда давлат раҳбарлари томонидан икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи тарихий Декларация имзоланди. Ана шу ҳужжатлар доирасида Қирғиз Республикасидан Ўзбекистонга бир нечта пансионат қайтариб берилди. Улар орасида «Bo‘ston Resort» ҳам бор.
Пансионат бир вақтлар Ўзбекистоннинг «Ташсельмаш» заводига қарашли бўлган. Ўтган асрнинг 70-йилларида қурилиши бошланиб, бир муддат мавсумий фаолият кўрсатган. Ўша вақтда 6 та коттеж, ошхона, 2 та 3 қаватли бино ва йўлнинг қарама-қарши томонида хўжалик бинолари бўлган. 1984-1986 йилларда 7 қаватли бино қурилиши бошланиб, якунига етмаган. Йиллар ўтиши билан мазкур объектда аҳвол ёмонлашиб, барча бинолар яроқсиз ҳолга келиб қолган. Узоқ йиллар умуман фаолият юритмаган.
Айни вақтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ушбу ҳудудда даволаш ва дам олиш мажмуаси бунёд этиш ишлари кетмоқда. Лойиҳа бўйича комплекс икки қисм – мавсумий дам олиш маскани ва йил давомида узлуксиз фаолият кўрсатадиган санаторийдан иборат бўлади.
Ҳозир унинг мавсумий ишлайдиган қисмида – «Bo‘ston resort» дам олиш масканида қурилиш-монтаж ишлари якунланган. Бу ерда 2 та 3 қаватли бино тўлиқ реконструкция қилиниб, 200 ўринли ётоқ ва маъмурият биноси, 250 ўринли ресторан, катта очиқ чўмилиш ҳавзаси, очиқ волейбол ва футбол, болалар майдончалари, ташқи тренажёр майдонлари, объектдан 500 метр узоқликда ташқи оқова сувни тозалаш иншооти қурилган. 500 метрга тенг пляж ташкил қилинган. Кўлга чиқиш учун 54 метрлик пристань ўрнатилиб, сув саёҳати учун кемалар сотиб олинган.
Мажмуанинг йил давомида хизмат кўрсатадиган асосий қисми – санаторийда эса 200 ўринга мўлжалланган 7 қаватли эски бино реконструкция қилиниб, маъмурият, қабулхона, ёпиқ сузиш ҳавзаси, даволаш биноси, 200 ўринли ресторан, бар ҳамда кафе, очиқ сузиш ҳавзаси бунёд этилади. Шунингдек, сиҳатгоҳ учун қоровулхона ҳамда автомобиллар тураржойи, кўл бўйида кемалар ҳамда катамаран учун тураргоҳ ва пляж ташкил қилинади.
Резиденция қисмида эса 3 қаватли бино, очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, хизматчилар уйлари, автомобиль ва вертолётлар тураржойлари, денгиз бўйида очиқ айвонли причал ва пляж бунёд этилади.
Ушбу дам олиш ва даволаш мажмуаси жами 400 ўринли бўлиб, илиқ ва иссиқ кунларда 400, қиш фаслида эса 200, йил давомида қарийб 5 минг нафарга яқин кишини қабул қилиш имконига эга бўлади.
Лойиҳага кўра, янги сиҳатгоҳ гастроэнтерология, кардиология, неврология, эндокринология, урология, таянч-ҳаракат, нафас йўллари каби хасталикларни даволашга ихтисослаштирилади.
Мухтасар айтганда, мазкур объектнинг фойдаланишга топширилиши нафақат минтақа туризмини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, балки иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқларимизнинг янада жипслашувига хизмат қилиши шубҳасиз.
Тадбир чоғида Санатор-курортлар бош бошқармаси бошлиғи Анвар Аҳмедовга рамзий калит топширилди. Шунингдек, қурилиш жараёнларида фаол иштирок этган масъуллар ва қурувчилар тақдирландилар. Уларга ўзбек урф-одатларига асосан тўн кийдирилди.
Ўзбек-қирғиз санъаткорлари иштирокидаги концерт дастурида дўстлик оҳанглари янгради.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ, “Ishonch” мухбири
Иссиқкўл илҳомлари
ҚЎШҚОЯ
2025 йил 12 июль куни Иссиқкўлда Ўзбекистоннинг
«Bo‘ston resort» дам олиш маскани очилди
Ўзбеклару қирғизлар – бир тоғнинг қўш қояси,
Азал-абад биттадир бу тоғларнинг сояси.
Дала-дашту қир-адир, осмонимиз биттадир,
Эртак, матал, афсона, достонимиз биттадир.
Икки элнинг дўстлиги аҳли дунга ҳавасдир,
Битта алпи Алпомиш, битта алпи Манасдир.
Бир насабли бовурмиз, бирдир нону тузимиз,
Бир яйловда ўйноқлар қулунимиз, қўзимиз.
Қон-қардошлик илдизи «Авесто»дан наридир,
Юртимизнинг ҳар гули, ҳар чечаги паридир.
Буюк Шарқда алвон нур Навоийнинг навоси,
Самодек чексиз сурур Чингиз оғам даҳоси.
Халқларимиз шиддати Сайхун каби тошгайдир,
Улуғ шону шавкати қитъалардан ошгайдир.
Юлдузларга етгайдир ҳали кўрку савлати,
Ўзбекистон давлати, Қирғизистон давлати.
Иссиқкўлдек шаффофдир ўзбек, қирғиз шеваси,
«Бўстон» сиҳатгоҳи ҳам шу дарахтнинг меваси.
Энди «Бўстон» икки халқ қўрғонида синч бўлсин,
Мумтоз бўлсин ер юзи, бутун олам тинч бўлсин.
Халқларимиз дўстлигин рамзи бўлсин «Бўстон»им,
Келажакнинг мунаввар шамси бўлсин «Бўстон»им.
Туркистонни тўлдирсин Тўқмағулнинг созлари,
Бургутларга айлансин Чатиркўлнинг ғозлари.
Макон бўлсин тўйларга ўзбек-қирғиз уйлари,
Тўйхонага айлансин Талас, Норин бўйлари.
Бир мушт каби иноқдир бугун кекса, ёшимиз,
Бир чўққида қўноқдир икки Карвонбошимиз.
Икки Карвонбоши ҳам шерюрак, шераҳдлидир,
Икки гулшан гуллари, икки дунё бахтлидир.
Омон бўлсин Туркистон, қадим Турон бор бўлсин,
Икки дунё неъмати шу заминга ёр бўлсин!
Абдусаид КЎЧИМОВ
МЕН СЕНГА ОМОНЛИК ТИЛАЙМАН, ҚАРДОШ!
Қирғиз Республикаси Иссиқкўл вилоятининг
Тон туманида қад ростлаган «Bo‘ston resort»
дам олиш маскани очилиши муносабати билан
Елкаси елкага туташган ҳаво,
Жилмайиб ҳар тонгда юзланар қуёш.
Бугун юракларда янграр хуш наво,
Мен сенга омонлик тилайман, қардош!
Чирой очсин дейман орзунг, тилагинг,
Дейман, минг шукрки, қилди тақдирдош.
Бўстон бўлсин дейман уйинг, юрагинг,
Мен сенга омонлик тилайман, қардош!
Қиру адиримиз туташиб кетган,
Тарих ҳам азалдан бўлган чин сирдош.
Халқмиз бир-бировга меҳрлар тутган,
Мен сенга омонлик тилайман, қардош!
Алпомиш овози келса Бойсундан,
Манас бўй кўрсатар бўлиб дўст, дилдош.
Эзгулик кўзлайман фақат мен сендан,
Мен сенга омонлик тилайман, қардош!
Чингиз оға руҳи бугун бўлди шод,
Икки эл – бири кўз, бири эса қош.
Бирлашмоқ қўшиғин куйлатар ҳаёт,
Мен сенга омонлик тилайман, қардош!
Дунёда бебаҳо тинчлик сурури,
Жонажон Ватанлар томирдош, қондош.
Ишончу оқибат фахри, ғурури,
Мен сенга омонлик тилайман, қардош!
Толедан ярқираб бахт пешонаси,
Сарбонларинг бўлсин мудом сенга бош.
Бор бўлсин дўстликнинг бу нишонаси,
Мен сенга омонлик тилайман, қардош!
Ўткир РАҲМАТ
ИККИ ХАЛҚ ДЎСТЛИГИН ИБРАТИДИР БУ!
Нияти аълолар диллари гулдир,
Қурган инсонларнинг қўллари гулдир,
Юрган дарё бўлса, йўллари гулдир,
Қирғиз қардошимиз гули қўлида,
Бу кун ўзбек меҳмон қирғиз элида.
Иссиқкўл табиат табиби эрур,
Ибн Сино табиблар ҳабиби эрур,
Қурган ғурур қилса, кўрганда сурур,
Қутлаган тилларнинг қўш торидир бу,
Соғинган дилларнинг дийдоридир бу.
Иссиқкўлда ўзбек «Бўстон»ида биз,
Қирғиз хуш ҳавосин жаҳонидамиз,
Наздимда қадрият осмонида биз,
Йўқ ердан юрмаймиз эртаклар тўқиб,
Биз кўзга сурганмиз «Манас»ни ўқиб.
Чингиз Айтматовдек даҳо юртида,
Соғунийдек улуғ сиймо юртида,
Ўзбек Солижони фазо юртида,
Албат қувонамиз қутлаймиз дилдан,
Улуғлар кўп чиққан қирғиз элидан.
Икки сарбон икки миллат шонидир,
Туркий халқлар тинчлигин посбонидир,
Кўргин дунё, бу тинчлик Туронидир,
Халқлар бирлигининг чироғи улар,
Ўзбекнинг, қирғизнинг қароғи улар.
Келинг, қўлни очинг, дуо қилайлик,
Яхши дуоларни шифо билайлик,
Бирликни бошдаги ҳумо билайлик,
Қурган бунёдкорлар қудратидир бу,
Икки халқ дўстлигин ибратидир бу!
Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири