Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Халқ вакиллари дастлаб, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқди.
Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш, судларда кўриладиган ишлар бўйича ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, мавжуд чекловларни олиб ташлаш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишдаги айрим мажбурий талабларни қисқартириш бўйича қонунчиликда бир қанча ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
[gallery-24326]
Муҳокамада депутатлар илғор хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олиб, тадбиркорлик субъектларининг вақт ва маблағ билан боғлиқ ортиқча харажатларини қисқартириш, судларда кўриладиган ишлар бўйича ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, бюрократик тартиб-таомиллардан воз кечиш орқали тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишни соддалаштириш зарурати мавжудлигини алоҳида қайд этдилар.
Хусусан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича солиқ органи томонидан тадбиркорлик субъектининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришнинг амалдаги тартибига кўра, банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни 10 кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор суд томонидан солиқ органининг илтимосномасига асосан қабул қилиниши белгиланган.
Бунда, мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарлик тадбиркорлик субъекти томонидан тан олинган ва эътироз билдирмаган бўлсада, унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни 10 кундан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш фақатгина судлар томонидан амалга оширилишига оид талаблар солиқ тўловчиларга ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Иқтисодий процессуал ҳамда Солиқ кодексларига солиққа оид низоларни тегишли судлар томонидан кўриб чиқиш, шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича тадбиркорлик субъектининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш солиқ органининг қарорига асосан амалга оширилиши ҳамда солиқ тўловчи томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бартараф этилган тақдирда солиқ органи қарори дарҳол бекор қилиниши тўғрисидаги ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда муҳокама этилган навбатдаги масала “Суднинг мустақиллиги ва судялар дахлсизлигини таъминлаш чоралари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан судда кўриб чиқилаётган ишларнинг ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиш ёки суд қарорининг қабул қилиниши бўйича судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик учун белгиланган жиноий жавобгарлик чоралари такомиллаштирилмоқда.
Шунингдек, нафақат суд мажлиси пайтида, балки суд биносида судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар тизимнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни, шу жумладан энергия ресурсларидан фойдаланиш борасида жорий этилган айрим янги тартиб-таомилларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлашни ва уларда истеъмолчиларнинг масъулиятини аниқ белгилашни тақозо этмоқда.
Шундан келиб чиқиб, бугун иккинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасида энергия ресурсларидан самарасиз фойдаланиш ҳамда электр энергиясини ишлатиш қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган қатор нормалар белгиланмоқда.
Хусусан, лойиҳада энергия тармоқларига ноқонуний уланиш ва энергия ресурсларини ўзлаштириш ҳолатларига қарши таъсирчан чоралар назарда тутилган.
Бундан ташқари, “Ўзэнергоинспекция”нинг ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янада кучайтиришга, ҳалол фаолият юритувчи субъектларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, қонунийлик ва адолат тамойилларини тўлиқ таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Н.Насриев,
Р.Назарматов(сурат)
ЎзА