Бугундан республикамиздаги барча олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари бошланди. Мазкур жараёнларга Наманган вилоятида ҳам қизғин ҳозирликлар кўрилди.
Ҳозирда, Наманган вилоятида 2025/2026 ўқув йили қабулини юқори савияда ўтказиш мақсадида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирган саволларига тезкор жавоб беришини таъминлаш мақсадида тўртта давлат ва бешта нодавлат олийгоҳларида “Call center” ва маслаҳат марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда бир вақтнинг ўзида камида бешта телефон рақамлари орқали қўнғироқларга жавоб қайтарилди. Ҳар бир олий ўқув юртининг веб-сайтида “Қабул-2025” бўлими очилиб, унда абитуриентларни қизиқтирган маълумотлар акс эттирилди.
Тест синовлари Янги Наманган тумани ҳудудида жойлашган Наманган давлат техника университети ва унинг қошидаги академик лицей спорт заллари, Давлатобод туманидаги Наманган Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги биносининг ёпиқ иншоотларида уюштирилмоқда. Имтиҳонлар 23 июлга қадар икки сменада соат 08:00да ва 15:00да бошланади. Ҳар бир сменада 80 та гуруҳ ва 2400 нафар абитуриент, бир кунда эса 160 та гуруҳ ва 4800 нафар абитуриент тест синовида иштирок этади.
[gallery-24296]
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров тегишли олий таълим муассасалари ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мутасаддилари ҳамроҳлигида тест синовлари ўтаётган объектларда бўлиб, жараёнларни боришини кўздан кечирди. Масъуллар ва назоратчиларга имтиҳонларни юқори савияда ўтказиш юзасидан тавсиялар берди.
Вилоят ички ишлар идоралари ва Миллий гвардия ходимлари жамоат тартибини сақлашга масъуллик қилмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан бириктирилган тиббиёт бригадаси ҳам имтиҳонлар бўлаётган объектларда хизмат фаолиятини юритмоқда.
Наманган давлат техника университети спорт зали эрта тонгдан талаба бўлиш орзусидаги ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан гавжум бўлди. Биринчи сменада дастлабки тестга етиб келган икки юзга яқин абитуриент саккизта гуруҳга шаклланган ҳолда синовларни топширишга кирди. Ҳар бир смена учун олийгоҳнинг ўзида 240 та, академик лицей биносида эса 480 та ўрин ҳозирланган.
Университетнинг ўзида ташкил этилган махсус кутиш жойида ота-оналар ўз фарзандларини тест топшириш жараёнини иккита катта экран орқали тўғридан-тўғри кузатиб бормоқда. Бу ерда ота-оналар ва абитуриентларга янада қулайликлар яратиш мақсадида университет фаол ёшларидан иборат “Волонтёрлар гуруҳи” фаол иш олиб бормоқда. Ушбу гуруҳ абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинлари билан суҳбатлар олиб боради, тест жараёнларини юқори савияда ўтказилишига кўмаклашади.
– Бугун мен учун унутилмас ҳаяжонли кун. Ҳуқуқшунос бўлиш истагидаги фарзандим Гулёра Назаралиева тест синовларини кўплаб омадли тенгқурлари қатори ёруғ юз билан топшириб чиқишини кутиб турибман, – дейди Норин тумани Ҳаққулобод шаҳарчасида яшовчи Нозимжон Эшқўзиев. – Катта қизим ҳозирда Тошкент давлат юридик университетининг илк босқичини тамомлади. Синглиси ҳам унинг изидан борди. Кенжам эса Президент мактабининг 6-синфига кўчди. Университетда биз ота-оналар учун қулай шароитлар яратилгани таҳсинга сазовор. Салқин ичимликми, озиқ-овқат маҳсулотлари, дейсизми, бари савдо растасида муҳайё. Экранлар орқали эса жараёнларни шаффоф кечаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Дарвоқе, вилоятдаги тест синовлари бўлаётган бинолар еттита шахсни аниқловчи идентификация қурилмаси, бешта 360 (айланма) видеокамераси, 82 та стационар видеокамера мосламаси ва еттита эфирга узатувчи камералар билан жиҳозланди.
Маълумот ўрнида, 2024/2025 ўқув йили учун тест топшириш ҳудуди Наманган вилояти деб белгилаган, жорий йилнинг 5 июнидан 25 июнига қадар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг my.uzbmb.uz платформаси рўйхатидан ўтган абитуриентлар сони 47 минг 769 нафарни ташкил этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.