Бугун мамлакатимиз бўйлаб 2025-2026 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига ўқишга кириш тест синовлари бошланди.
Нукус шаҳридаги тест синовлари ўтказиладиган жойлар қаторида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти спорт мажмуасида ҳам абитуриентлар тест синовларида иштирок этмоқда. Бу ерда абитуриентларнинг ота-оналари учун кутиш жойи, тест жараёнини онлайн кузатиш имконияти, шунингдек, бошқа зарур шароитлар яратилди.
[gallery-24293]
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг спорт саройида ҳам олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари юқори савияда ташкил этилди. Ушбу жараённинг адолатли, шаффоф ва хавфсиз ўтишини таъминлаш мақсадида олий ўқув юрти раҳбарияти бошчилигида профессор-ўқитувчилар, тест жараёнларига бириктирилган масъул ходимлар, волонтёрлар фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, тест синовлари давомида жамоат тартибини сақлаш, абитуриентлар ва уларнинг яқинлари хавфсизлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, тест синовлари кунига икки сменада – 1-смена 08:00 дан 11:00 гача, 2-смена эса 15:00 дан 18:00 гача бўлиб ўтади.
Қорақалпоғистон Республикасида олий ва касбий таълим муассасаларига кириш тест синовларида жами 32 минг 700 нафардан ортиқ абитуриент иштирок этиши кутилмоқда. Жорий йилнинг 22 июль кунигача давом этадиган тест синовлари тўлиқ видеокузатув орқали онлайн намойиш этилмоқда. Жараённи test2025.uz сайти орқали онлайн кузатиб бориш имконияти яратилган.
Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА