Бугун юртимизда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишларда “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банкининг ҳам ўрни бор.
Бу ўринда маҳалла банкирлари ва ёрдамчи маҳалла агентларининг меҳнатларини эътироф этиш лозим.
“Микрокредитбанк” АТБ томонидан Хоразм вилоятидаги Арда Хива мажмуасида “Банкир ва маҳалла: бир мақсад, бир йўл” номли тимбилдинг дастури ташкил этилди.

Мазкур тимбилдинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги маҳалла банкирлари ва агентлари учун нафақат нафақат ўқув семинари, балки самарали мулоқот ўрнатиш, тажриба алмашиш ва иш фаолияти учун янгилик, янги лойиҳалар таклиф этиш платформаси бўлди.
Бугун банкнинг 95 та ҳудудий бўлинмаларига бириктирилган 1 минг 121 та маҳаллада фаолият олиб бориш учун 332 нафар “Маҳалла банкири” штати очилиб, малакали мутахассислар билан тўлдирилган.

Шунингдек, маҳалла банкирига кўмаклашиш учун ҳар бир маҳаллага биттадан, жами 1 минг 121 нафар ёрдамчи агентлар шартнома асосида ёлланди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича жорий йилнинг январь-июнь ойида 180 минг 903 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. Шундан, 56 минг 623 нафари доимий ишга жойлаштирилди ва 124 минг 280 нафари тадбиркорликка жалб қилинди.
Бир юз эллик нафарга яқин маҳалла банкири ва маҳалла агентларини бир жойга жамлаган тaдбирда банк бошқаруви раиси ўринбосари Шаҳло Ибрагимова, Бош офиснинг тегишли таркибий бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди.
Икки кунлик дастур доирасида очиқ мулоқотлар, фойдали муҳокамалар, стратегик тақдимотлар, ижодий ўйинлар ва амалиётлар ўтказилди.
Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар ўртасида “Аҳолидан энг кўп тушадиган 3 та савол” мавзусида интерактив сўровнома ташкил этилди. Иштирокчилар ўз тажрибаларига асосланиб, аҳоли томонидан кундалик мулоқотларда энг кўп бериладиган саволларни белгилаб боришди. Бу жараён орқали мижозларнинг реал эҳтиёжлари ва уларни қизиқтирувчи масалалар умумлаштирилди.

Биринчи ярим йилликда яхши кўрсаткичларга эришган 3 та ҳудуддаги 3 нафар энг фаол маҳалла банкири ва энг фаол маҳалла агентлари тақдирланди. Шунингдек, тимбилдинг давомида фаол иштирок этган қатнашчиларга ҳам эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тимбилдингнинг иккинчи кунида маҳалла банкирлари ва маҳалла агентлари Боғот туманидаги энг чекка ҳудуд – Тўпчи маҳалласига боришди. Иштирокчилар бу ерда маҳалла банкири Одамбой Йўлдошев ва маҳалла агенти Акбар Ҳакимовларнинг амалга оширган ишлари билан яқиндан танишиш, тажриба ўрганиш ва фикр алмашиш имконига эга бўлишди.
Таъкидлаш керакки, Боғот тумани Тўпчи маҳалласида 2025 йил биринчи ярим йилликда жами 10 та хонадонга 344 миллион сўмлик лойиҳа пакетлари етказиб берилган ва 22 нафар фуқаро банд қилинди. Бундан ташқари, маҳаллада 25 та микролойиҳаларга зарур кредит маблағи ажратилиши натижасида 50 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Иштирокчилар ушбу маҳалланинг Янги Ўзбекистон кўчасида ташкил этилган 13 та енгил типдаги контейнерлар фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур контейнерлар аҳолига шунингдек, қўшни маҳалладагиларга ҳам барча турдаги хизматларни тақдим этиши эса эътирофга лойиқлиги таъкидланди.
Мазкур маҳалладаги 13 та енгил типдаги контейнерлар ва мини футбол майдончаси ташкил қилиниши учун жами 517 миллион сўм кредит маблағлари ажратиб берилиши натижасида 25 нафар ишсиз аёллар иш билан банд қилинди.
Маҳаллага уюштирилган тажриба алмашиш жараёнларидан Хива шаҳри ва Ичан Қалъа мажмуасига саёҳат ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади маҳалла банкирлари ва агентлари ўртасида жамоавий руҳни кучайтириш, ички мулоқотни яхшилаш, фойдали ташаббусларни жорий этиш ва хизмат маданиятини янада юксалтиришдан иборат бўлди.
И.Аввалбоев, ЎзА
Реклама ҳуқуқи асосида