Президент ташрифидан сўнг...
Мамлакатимизда ҳар бир маҳалла ихтисослашувидан келиб чиқиб ривожлантирилмоқда.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Янги Камолон маҳалласи хизмат кўрсатиш ва савдога ихтисослашган. Бандликни таъминлаш бўйича янги тизимга мувофиқ, банклар иштирокида маҳалланинг ички имкониятлари юзага чиқарилмоқда.
Давлатимиз раҳбари 10 июль куни шу маҳаллага ташриф буюрган эди. Бу ерда 4 минг 600 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Президент ташрифидан сўнг ҳудуд аҳли билан суҳбатлашдик.
[gallery-24285]
— Маҳаллада болалигимиз ўтди, фарзандларни улғайтирдик, — дейди Қудратилла ота Раҳимбоев. — Мана энди набираларни суйиб, тарбия қиляпмиз. Нима демоқчиман, бу жойларни жуда кўп йиллардан буён яхши биламан. Бу ерларнинг қиёфаси ҳеч қачон бундай гўзал бўлмаган. Аҳолига яратилган шароитлар ҳам бугунгидай эмасди. Мамлакатимизда аҳоли бандлиги ва турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилаётган эътибор бизнинг маҳаллада ҳам намоён бўлмоқда. Уйларимиз, савдо ва хизмат кўрсатиш жойларимиз, маҳалламиз биноси замонавий қиёфада. Мана ички йўллар текисланди. Атрофи кўкаламзорлаштирилиб, янада файзли бўлди. Сўлим сайилгоҳ ва пиёдалар йўлаги, нуронийлар оромгоҳимиз, спорт ва болалар майдончалари кўзни қувнатади. Биз шу ерда яшовчиларнинг кайфияти ҳам шу манзарага ҳамоҳанг.
Янги Камолон маҳалласида олтмишдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият юритмоқда. Уларда кўплаб ёшлар иш билан банд.
— Кўриб турганингиздек бу ерда ҳунармандлар маскани, дала маҳсулотлари ва қандолатчилик дўконлари, кичик кутубхона ташкил этилган, — дейди маҳалла ёшларидан бири Иброҳим Исмоилжонов. — Новвойхоналар бор, хусусий тиббиёт пункти иш бошлади. Эътиборлиси, маҳалламизга туташ ҳудуддан пойтахтимизнинг марказий кўчаларидан бири ўтган. Кўчада санъат ва маданият масканлари, турли идоралар, кўп қаватли уйлар, супермаркет ва ресторанлар жойлашган. Бу ер ҳам хизмат кўрсатиш ва гастротуризм кўчасига айлантирилди.
Мен ва бир қанча тенгдошларим ҳам шу тадбиркорлик субъекталаридан бирида ишлаяпмиз.
Маҳаллада “Янги Камолон” бошқарув сервис компанияси фаолияти йўлга қўйилган. Бу компания ҳудуддаги йигирмадан ортиқ кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Давлатимиз раҳбари ҳудудга ташрифи чоғида келгусида бошқарув сервис компанияси биноларини кўп қаватли қилиб қуриб, ёшлар учун касб-ҳунар ўқувлари, маиший хизмат шохобчаларини жойлаштириш бўйича кўрсатма берган эди.
Маҳаллада бундай ободлик, файз-барака бардавом бўлиши учун, энг аввало, осойишталик таъминланиши керак. Ҳудудда бу борада олиб борилаётган ишлар эътиборга молик. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам маҳаллалар осойишталигини таъминлаш, барча имкониятларга эга туризм маҳаллалари сонини 175 тага етказиш мақсади бор.
Хавфсизликни таъминлаш ҳамда жиноятларнинг олдини олиш мақсадида маҳалла инспектори хонасида ситуацион марказ ташкил этилди.
Ушбу марказ кўп қаватли уйларнинг йўлакларидаги кузатув камералари ва ички ишлар тизимининг хавфсизлик дастурларига боғланган. Бу каби чора-тадбирлар натижасини йилнинг ўтган даврида маҳаллада биронта ҳам жиноят этилмаганидан ҳам билиш мумкин.
Икром АВВАЛБОЕВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат), ЎзА мухбирлари