Юртимиз озодлиги, мустақиллиги учун курашган маърифатпарвар юртдошларимизни хотирлаб, тарих саҳифаларини варақлаганимизда шарафли касб эгалари бўлмиш ўқитувчиларнинг айни муҳим жараёндаги фидойиликларидан ҳайратга тушамиз. Шундай миллатпарвар инсонлардан бири Шокиржон Раҳимийдир.
Шокиржон Раҳимий 1898-йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Отасининг барвақт вафотидан сўнг икки ўғилни онаси Шарофат ая тикувчилик орқасидан вояга етказади. Билимга чанқоқ ва зийрак нигоҳли Шокиржон 1903–1909-йилларда Мунавварқори Абдурашидхоновнинг беш синфлик биринчи босқич ва рушдий “Намуна” мактабларида таҳсил олади. У Мунавварқори Абдурашидхонов тавсияси билан кечки рус-тузем мактабини битиргач, Тошкент мадрасаларининг энг илғор мударрисларидан ҳам дарс олади. Шокиржон Раҳимий 1909-йилдан бошлаб жадид мактабида ўқитувчиларга ёрдамчилик қилди. 1912-йилда ўзининг дастлабки ўқув қўлланмасини нашр этди. Айни пайтда “Раҳимия” мактабини очиб, унда 1919-йилгача фаолият юритди.
Ўз даврининг илғор ёшларидан бўлган Шокиржон Раҳимий 1914-1915-йилларда Муҳаммадхон Пошахўжаев раҳбарлик қилган “Турон” жамияти аъзоси, “Турон” театр труппаси фаоли ва “Садои Туркистон” газетаси адабий ходими сифатида фаолият кўрсатди. 1917-йил “Фуқаҳо” жамияти тузилганида унинг котиби бўлди. Сўнг Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Миён Бузрук Солиҳов билан биргаликда Туркистонда том маънодаги сиёсий партия тузишга киришади. Улар Озарбойжон “мусоватчи”ларидан Афандизодани Туркистонга таклиф этиб, “Турк адам марказият” партиясини шакллантиришда фойдаланади. Жадид матбуотида ўз қалами билан танилиб улгурган Шокиржон Туркистон мухториятини жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Бироқ мухторият болшевиклар томонидан қонли бостирилгач, у яна маорифга қайтади.
Раҳимий 1924-йилдан Москвада ўзбек ёшлари учун ташкил этилган Бухоро маориф уйи ва ишчилар факультетида мудир бўлиб ишлайди. 1927-йилдан Тошкентда ишчи факультети директори, 1928-йилдан маориф институти мудири, сўнг “Ўзбекистон” нашриётида мудир бўлди. У педагог сифатида 1919-йилда чоп этилган ўзбек тилидаги биринчи алифбе дарслиги – “Совға”нинг муаллифидир.
Шунингдек, 1922-йилда унинг “Катталарга ўқиш”, “Алифбе дарслиги”, 1924-йилда “Катталар йўлдоши”, 1925-йилда Шоҳид Эсон Мусаев билан бирга ёзган 4 жилдли “Ўзбекча тил сабоқлиғи” дарсликлари бутун мамлакатга тарқатилган эди. 1927-йилда “Катталар алифбеси”, “Яшасун Туркистон”, “Батраклар алифбоси” каби дарсликлари, 1930-йилда “Савод”, 1932-йилда “Ўзбек тили иш китоби” сингари ўқув қўлланмалари чоп этилган. Бундан ташқари, “Ислом тарихи” китобини ёзди, 1924-йил илк бор миллий календар яратди. Шокиржон Раҳимий тилшунос сифатида ўзбек тили терминлари ҳамда Отажон Ҳошимнинг таклифи билан ўзбек тилидаги сингармонизм ҳодисасини ўрганади.
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сони миллатпарвар жадидлардан бири Шокиржон Раҳимийга бағишланади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/AdS_fZrkv0U" title="Birinchi o`zbek alifbosi muallifi - Shokirjon Rahimiy" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА