Корея Республикасида давом этаётган "Muju Taekwondowon 2025 World Taekwondo Diamond Games" халқаро турнирининг ортда қолган иккинчи кунида ўтказилган аралаш жуфтлик баҳсларида жамоаларимиз муваффақиятга эришди.
Озодбек Мамадалиев, Ёдгор Жўрабоев, Севинч Ҳайитова, Озода Собиржоновадан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси дастлаб Сингапурни, чорак финалда эса биринчи рақам остида сараланган Корея Республикасини мағлуб этди. Шиддатли кечган ярим финал баҳсида эса қўшни Қозоғистон таэквондочиларига йўл бериб, бронза медаллари учун кечган жангларда ҳамюртларимиз Марокаш вакилларини мағлуб этди ва шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой эгаллади.
Диёрбек Тўхлибоев, Шуҳрат Салаев, Шаббона Абдувалиева, Светлана Осиповадан иборат Ўзбекистон-2 жамоаси илк босқичда Индонезия, сўнгра Мўғулистон терма жамоасини томошабинлар қаторига кузатиб қўйди. Финал беллашувида эса Ўзбекистон-1 жамоасини мағлуб этган Қозоғистон термасини кумуш медал билан кифоялантирди.
"WT Diamond Games" турнирининг аралаш жамоалар ўртасидаги натижалар ҳамда бир кун муқаддам ўтган баҳслар ҳолатида мамлакатимиз таэквондочилари 2 та олтин, 1 та бронза медали билан иштирокчи давлатлар орасида ижобий кўрсаткични қайд этиб турибди.
Бугун, 13 июль куни халқаро турнирнинг сўнгги кунида яккалик баҳслари ташкил этилиб, унда Ўзбекистон терма жамоасининг 16 нафар аъзоси ўз йўналиш ва вазнларида совринли ўринларга даъвогарлик қилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА