Ислоҳот одимлари
Мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш, экспорт ва импорт учун шароит яратиш йўлида божхона органларининг хизмати катта.
Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона тўловларини тўлиқ таъминлаш, маҳсулотларни қайта ишлаш йўналишини кучайтириш орқали экспортни ошириш, хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ишларини мувофиқлаштириш ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича самарали ишлар ташкил этилмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида олиб борилган ишлар самараси ҳам кенг.
2025 йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма томонидан жами 8,2 триллион сўмлик божхона тўловлари ҳисобланиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 4,4 триллион сўм имтиёз берилди, қолган сумма давлат бюджетига ўтказилди. Имтиёз қўлланилган асосий товарларга транспорт воситалари ва унинг эҳтиёт қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда металл хомашёлар киради. Бугунга қадар 1,1 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган товарлар хорижий мамлакатлар бозорларига йўналтирилди.
Товарларимиз асосий ҳамкор мамлакатлар – Туркия, Қозоғистон, Хитой, Россия, Тожикистон, Афғонистон, Бельгия, Польша каби давлатларга экспорт қилинди. “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида эса 6 ой давомида жами 59 092 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилди.
Божхона юк декларацияларини Хавфни бошқариш ахборот тизими бўйича йўлаклар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, декларацияларнинг 20,7 фоизи “яшил йўлак”, 66,1 фоизи “сариқ йўлак”, 13,2 фоизи “қизил йўлак” тартибида расмийлаштирилди.
Шу ўринда савол туғилиши мумкин: бошқармада қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?
Сир эмас, Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, контрабандага қарши курашиш борасида бир қатор ишлар – жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда гиёҳванд воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашилди. Натижада 27 та ҳолатда 133 килограммдан зиёд гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бундан ташқари, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида 2 123 та ҳолатда товарлар ушлаб қолинди. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича божхона тўловлари ҳисобланди.
Бугунги кун қадар Тошкент вилояти ҳудудидаги 46 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти томонидан хориждан олиб келинган 214,8 минг тонна хомашё “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимига жойлаштирилган.
Дарҳақиқат, шу тариқа тизимда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида барча бўлинма, гуруҳ ва божхона постларида фуқароларга замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.
Қаҳрамон УМАРОВ,
Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи, полковник.
ЎзА