Муносабат

Кейинги йилларда Ўзбекистонда йўл-транспорт инфратузилмаси ва ҳаракат хавфсизлигини яхшилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан, охирги етти йилда йўл қурилиши ва таъмирлашга 61 триллион сўм маблағ сарфланган. Бу – 2017 йилгача берилган маблағлардан 3,5 баробар кўп.
ЙҲХХ тизимидаги янгиликлар – планшетлар, бодикамералар, сунъий интеллект ёрдамида қоидабузарликларни саралаш каби технологик янгиланишлар хавфсизликни оширишга ҳамда тизимда инсон омили ва бюрократияни камайтиришга хизмат қилмоқда. Шунингдек, биринчи марта ҳуқуқбузарларни аввало огоҳлантириш, оддий ҳайдовчилар дардини эшитишга эътибор қаратила бошланди. Бунинг ўзи йўл ҳаракатига инсонпарвар ёндашув шаклланаётганидан далолатдир.
Жорий йил 9 июль куни Президент раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши ва унда белгилаб берилган вазифалар соҳани бутунлай янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Хусусан, йиғилишда аварияларни камайтириш, йўл тизимини рақамлаштириш, жамоат транспортини ривожлантириш ва ҳаракат маданиятини оширишга қаратилган “Хавфсиз йўл” миллий дастури эълон қилинди. Эндиликда, “Хавфсиз йўл” миллий дастури орқали нафақат йўллардаги хавфсизлик, балки жамоатчилик иштироки ҳам таъминланади, ҳисобдорликни кучайтириш ва маблағлардан оқилона фойдаланиш йўлга қўйилади.
Янги ташкил этиладиган “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” жамғармаси маблағлари эса аввало хавфли участкаларни тартибга солишга йўналтирилади. Қолаверса, жамғарма фаолияти шаффоф бўлиб, жамоатчилик вакиллари ҳамда ЙҲХХ раҳбарлари иштирок этади. Портал орқали аҳоли иштирокида йўлдаги муаммолар аниқланади, сўнг смета асосида молиялаштирилади ва натижалар баҳолаб борилади.
Шунингдек, энди йўл тизимида жамоат транспорти ҳам алоҳида эътиборга олинди. Хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятини қамраб оладиган ягона транспорт агломерацияси ташкил этилади. Жорий йил 1 сентябргача 200 та автобус, кейинги йил 1 000 та автобус келтирилиши ва 6 та янги маршрут очилиши режалаштирилган.
Шаҳарлараро автобусларда кутиш вақти узоқлигига чек қўйиш учун тадбиркорларга йўловчи сонига қараб субсидия бериш тизими жорий этилади. Бу мамлакат бўйлаб транспорт ҳаракатини бир маромда йўлга қўйишга замин яратади.
Албатта, йўллардаги ҳаракат хавфсизлиги инфратузилманинг тўғри йўлга қўйилгани, йўллар сифати каби омилларга ҳам боғлиқ. Бироқ қарз икки қўлдан чиқади деганларидек, йўл ҳаракати иштирокчилари бўлган ҳайдовчилар маданияти ҳам муҳим. Таҳлилларга кўра, 2024 йилда қайд этилган қоидабузарликларнинг 81 фоизи қўпол ҳуқуқбузарликлардир. Шу боис, Президент ташаббуси билан “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга тушириладиган бўлди. Ушбу дастур орқали жарималар, гувоҳномадан маҳрум қилиш каби чоралар кучайтирилади. Хусусан, қарама-қарши ҳаракатланиш, чироқнинг қизил рангида ўтиш бир ой ичида 2 марта содир этилса ёки тезлик 5 марта оширилса 1 йилгача жаримадан чегирма берилмайди. Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса – 6 ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Шу билан бирга, агар жарима қарори 1 ой ичида чиқарилмаса, ҳайдовчи жавобгарликдан озод қилинади. Бу тамойил ҳам адолат, ҳам қонун устуворлиги нуқтаи назаридан муҳим мезон саналади.
Сир эмас, барча соҳалардаги ислоҳотлар таълимдан бошланади.Шу боис, энди мактаб ва боғчаларда ҳаракат хавфсизлиги дарслари янгиланади, “Яшил чироқ” мусобақалари тикланади, ғолибларга Президент совғаси берилади. Йўл қоидаларига бағишланган видеолар ва тушунтириш тадбирлари йўлга қўйилади.
Президент раислигида ўтказилган йиғилиш ва эълон қилинган “Хавфсиз йўл” миллий дастури эзгу мақсад – инсон ҳаётини ҳимоя қилиш, ҳаракатдаги адолат ва тартибни тиклашга қаратилган. Энди бу йўлда нафақат давлат органлари, балки аҳолининг ҳам иштироки, ташаббуси ва масъулияти ўта муҳим. Йўл инфратузилмасини яхшилаш, жамоат транспортини ривожлантириш, қонунни бузмаслик ва ҳаракат маданиятини ошириш – ҳар биримиздан бошланадиган умумий вазифадир.
Анвархон АМИНОВ, халқ депутатлари
Олмазор тумани Кенгаши депутати.
ЎзА