Чиқинди хизматлари маиший ва саноат чиқиндиларини йиғиш, ташиш, ажратиш, қайта ишлаш ва йўқ қилишга ихтисослашган хизмат тури.
Бу хизматлар одатда шаҳар ёки туман ҳокимликлари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ёки хусусий корхоналар томонидан амалга оширилади.
Мамлакатимизда чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизомини кучайтириш мақсадида янги тартиб жорий этилмоқда.
Унга кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар республика бўйича қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади.
Сўнгра чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “2100” қисқа рақами орқали “СМС” хабарнома юборилади. Абонентларга ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 (беш) кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. Мавжуд қарздорлик ушбу муддат ичида тўланиши лозим. Абонентлар томонидан белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаса, уларда электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинчалик чекланади.
Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши билан автоматик тарзда ечилади. Ушбу тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди. 2025 йилнинг 1 июлидан чиқинди хизматларидан шаклланган қарздорликлар учун жорий йилнинг 1 августидан бошлаб қўлланилади.
Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Дилноза Комилованинг маълум қилишича, санитар тозалаш корхоналари чиқинди тўловларини ҳисоблашда аниқлик ва ҳаққонийлик учун жавобгар ҳисобланади. Агар абонентларга санитар тозалаш хизмати ўз вақтида ва сифатли кўрсатилмаса кўрсатилмаган кунлардаги хизматлар учун тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Чиқиндиларни бошқариш соҳаси ва хизмат сифатига доир таклиф ва шикоятлар юзага келганда Чиқиндиларни бошқариш ва циркульяр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “1205” қисқа рақамига 24/7 режимда мурожаат қилиш мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА