Жорий йил апрель-июнь ойларида мамлакатимизга хориждан уч миллиондан зиёд сайёҳ ташриф буюрди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.
Маълумотга кўра, Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқими ҳар ойда барқарор равишда бир миллион кишидан ошган. Бу нафақат мамлакатимизга бўлган қизиқишни тасдиқловчи тарихий натижа, балки туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини кўрсатувчи далилдир.
2024 йилнинг шу даврига нисбатан хорижлик сайёҳлар сони қарийб 20 фоизга кўпайгани соҳа учун катта ютуқ ҳисобланади. 2025 йил апрелда Ўзбекистон биринчи марта бир ой давомида 1 миллиондан ортиқ хорижлик сайёҳни қабул қилди, май ойида эса янги рекорд ўрнатилди – 1,1 миллион сайёҳ. Июнда 1,1 миллионга яқин сайёҳ юртимизга ташриф буюрди.
Мамлакатимиз имижини ошириш, визасиз режимни кенгайтириш, соҳага сармоялар жалб қилиш ҳамда халқаро сайёҳлик кўргазмалари ва форумларда фаол иштирок этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўсиш суръати давом этмоқда.
Олдинда янада улкан вазифалар кутмоқда. Истиқболда халқаро стандартларга мос келадиган сайёҳлик хизматлари доирасини кенгайтириш кўзда тутилган. Глобал бозорда тобора оммалашиб бораётган экологик ва барқарор туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
ЎзА