Муносабат
Кейинги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлиги, транспорт инфратузилмаси ва йўл маданияти бўйича ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Ҳар йили соҳа тараққиётига миллиардлаб маблағлар ажратилиб, замонавий технологиялар жорий этиляпти.
Жумладан, сўнгги етти йилда йўлларни қуриш ва таъмирлашга 61 триллион сўм ажратилди – бу 2017 йилгача ажратилган маблағлардан 3,5 баробар кўп. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун электрон планшетлар, бодикамералар, сунъий интеллектга асосланган тизимлар жорий этилди. Ҳайдовчиликка имтиҳонлардан тортиб, техник кўриккача бўлган 8 та хизмат хусусий секторга ўтказилди.
Бироқ маблағ ва техника – муаммоларни бутунлай ҳал қилмайди. Йўл инфратузилмаси, ташкилий тизим, фуқаролик маданияти ва назорат кучининг самарадорлиги муҳим ўрин тутади. Чунки, йўлларда ҳалок бўлаётган фуқаролар фақат рақам эмас – улар тирик инсонлар, оила, жамият учун бетакрор қадрият эгаларидир.
Шу боис, таҳлил ва статистикалар соҳада туб ислоҳотларни изчил давом эттириш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярмида ўтказилган таҳлиллар 20 та ҳудудда авариялар сони юқори даражада қолаётганини кўрсатмоқда. Лекин бир қатор туман ва шаҳарларда ўлим ҳолатлари умуман қайд этилмади. Бу эса ҳудудий раҳбарлар, ЙҲХХ ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилганлигидан далолатдир.
Масалан, Чуст туманидаги Д-105 йўлида муҳофаза тўсиқлари ўрнатилгандан кейин, бу йўлда илгари йилига 10 киши вафот этаётган бўлса, бу йил ўлим ҳолати кузатилмади. Бошқа тарафдан қаралса, Қизилтепа, Ургут, Яккабоғ, Денов каби туманларда йўллардаги ҳалокатлар сони ҳануз юқори. Бу ҳудудларда йўл ҳаракати ташкил этилиши, светофорлар, йўл белгилари ва пиёда йўлакларининг етишмаслиги – инсон ҳаётига хавф туғдирмоқда.
Шу боис, куни кеча масъуллар иштирокида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича ўтказилган йиғилишда Президент томонидан эълон қилинган “Хавфсиз йўл” миллий дастури – бу йўлларда ҳалокатларни камайтиришга йўналтирилган қатъий ва тизимли ёндашувдир. Энди ушбу дастур доирасида “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси фаолияти қайта ташкил қилиниб, Ҳукумат бўйсунувига ўтказилади.
Ҳар бир вилоятда жамғарманинг алоҳида филиаллари бўлади. Бу йил жамғармага барча манбалар ҳисобидан 400 миллиард сўм тушиши прогноз қилинган. Бунга қўшимча, фото-видео радардан бюджетга тушадиган жариманинг 25 фоизи ҳам жамғарма ва унинг филиалларига йўналтирилади.
Аҳоли ва ҳайдовчилар фикрига кўра, йўллардаги муаммоларнинг яна бир сабаби жамоат транспортининг самарасизлигидир. Чунки, шаҳарлараро автобуслар йўловчи тўлмаса йўлга чиқмайди. Бунинг асосий сабаби – субсидиялар механизмининг етишмаслиги.
Бунинг ечими сифатида пойтахт ва вилоятлараро жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтказилади. Сентябргача пойтахтга 200 та, кейинги йили яна 1 мингта автобус олиб келинади.
Бу йўналишдаги автобус ва микроавтобуслар учун йўловчи бошига субсидия берилади. Автобуслар учун утилизация йиғимидан имтиёз яна уч йилга узайтирилади ва имтиёз микроавтобусларга ҳам жорий қилинади. Туристик автобус ва микроавтобуслар учун божхона божидан имтиёз уч йил давомида жамоат транспорти учун ҳам қўлланади.
Йўллардаги муаммоларнинг яна бирбу – инсон факторидир. Ҳайдовчиларнинг тегишли фоизи қўпол қоидабузарлар экани қайд этилди. Ижтимоий тармоқларда авж олган “жаримани тўладим – демак, хоҳлаганимни қиламан” тушунчаси йўлларда беқарорлик олиб келмоқда.
Президент ташаббуси билан “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилади. Қарама-қарши ҳаракатланиш, чироқнинг қизил рангида ўтиш бир ой ичида 2 марта содир этилса ёки тезлик 5 марта оширилса – 1 йилгача жаримадан чегирма берилмайди.
Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса – 6 ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Шунингдек, тезлик учун жарималарни қайта кўриб чиқиб, меъёрдан 2-3 карра тез юрганларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилади.
Умуман олганда, тизимли назорат, жамоатчилик иштироки, шаффоф маблағ тақсимоти, рақамлаштириш ва маданий ёндашув каби чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳар куни юз бераётган йўл ҳалокатларини камайтиришга хизмат қилади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий
масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА