Мамлакатимизда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада аҳолининг ичимлик суви билан қамров даражаси 81,5 фоизга етди.
Соҳада сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, йўқотишларни камайтириш, рақамлаштириш ва “яшил иқтисодиёт”ни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган халқаро ҳамкорликдаги лойиҳалар ўз самарасини бермоқда. Буни Осиё тараққиёт банки иштирокида умумий қиймати 125 миллион доллар бўлган “Иқлим технологиялари орқали сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида мамлакатимизда 544 километр ичимлик, 148 километр оқова сув тармоқлари, 35 та ичимлик ва 7 та оқова сув иншоотлари қурилиб инфратузилма кенгайтирилган. Шунингдек, 433 та энергия тежамкор ускуналар, 7,4 минг кВт/соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилиши ҳисобига 6,1 миллион кВт/соат электр энергияси тежалишига эришилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, ички эҳтиёжлар билан бир қаторда, сув сифатини назорат қилиш ҳам устувор йўналиш сифатида белгиланган. Республика миқёсида 14 та марказий лаборатория фаолияти йўлга қўйилган, 62 та шартнома орқали туман ва шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик бўлимлари билан ҳамкорлик мустаҳкамланган. 37 та лаборатория Ўзбекистон Давлат стандарти 3410:2019 талабларига мувофиқ деб топилган.
Сув ҳисоблагичлар билан таъминланган истеъмолчилар сони 248,9 мингтага кўпайиб, уларнинг умумий қамрови 82 фоизга етган. Шу билан бирга, замонавий тўлов тизимлари жорий қилинган. Қарздорликларни қисқартириш, назоратни кучайтириш ва тозалаш ишларини ташкил этиш орқали дебитор қарздорликлар миқдори 13 фоизга камайтирилган. “Баҳор-ёз” мавсумига тайёргарлик доирасида 6 026 та сув минораси, 1 601 та резервуар тозаланган. Шунингдек, соҳада давлат-хусусий шериклик ва инвестиция фаоллиги ҳам кучайган. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 январдаги қарори асосида тасдиқланган Инвестиция дастури доирасида “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан умумий қиймати 2,18 миллиард долларлик 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу маблағларнинг 1,34 миллиард доллари ичимлик суви, 84 миллион доллари эса оқова сув тизимини яхшилашга йўналтирилган.
Брифинг якунида маҳаллий ташкилотларни техник жиҳатдан кучайтириш ва муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида 208 та туман ва шаҳарларда авария-тиклаш бригадалари фаолияти қайта ташкил қилингани, мавжуд техникалар таъмирланиб, қўшимча жиҳозлар билан таъминлангани маълум қилинди.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА