Америкалик мутахассислар томонидан олиб борилаётган “Air India” авиакомпаниясига қарашли “Boeing 787-8 Dreamliner” самолёти ҳалокатига оид терговда учоқнинг техник носозлиги билан боғлиқ муаммо аниқланмади. Текширувнинг дастлабки натижаси учувчи хатосига ишора қилмоқда. Бу ҳақда “Wall Street Journal” АҚШ расмийларига таяниб хабар берган.
Аввалроқ “Economic Times” нашри терговдан хабардор манбаларга таяниб декодлаш ва таҳлил қилиш учун АҚШга самолётдан икки регистратор жўнатилиши ҳақида ёзганди.
Терговда Транспорт хавфсизлиги миллий кенгаши ҳам иштирок этмоқда.
– Текширувнинг дастлабки натижаси шуни кўрсатдики, самолётнинг икки двигателига ёнилғи етказиб берилишини бошқарадиган калитлар ўчирилган, – деди манба. – Натижада ҳавога кўтарилгандан кейин кўп ўтмай, тортишиш кучи йўқолишига олиб келган. Бу калитлар учувчи томонидан двигателни ишга тушириш ва тўхтатиш учун ишлатилади.
Аҳмадободдан Лондонга йўл олган АИ171 рейси 12 июнь куни Гужарат штати осмонига кўтарилаётганда шаҳар аэропорти яқинида ҳалокатга учраган эди. Авиакомпания маълумотига кўра, учоқ саҳнида 242 киши, жумладан икки учувчи ва ўн нафар стюардесса бўлган. Бир йўловчи ҳалокатдан омон қолди. Самолёт Аҳмадобод тиббиёт коллежи ётоқхонаси устига қулаган. Бу бинодаги одамлар ҳам ҳалок бўлган. Охирги маълумотга кўра, қурбонларнинг умумий сони 275 нафар.
С.Раҳимов, ЎзА