Бугун, 11 июль куни Грузиянинг Батуми шаҳрида шахмат бўйича аёллар ўртасидаги FIDE жаҳон кубоги баҳсларининг 2-тур тай-брек баҳслари бўлиб ўтади.
Кеча 2-тур ўйинларининг жавоб учрашувида Гулруҳбегим Тоҳиржонова хитойлик Лу Мяойини мағлуб этди ва ҳисобни тенглаштиришга эришди. Умида Омонова Европа чемпиони, польшалик Алина Калинская билан яна дурангга эришди. Афруза Ҳамдамова ёшлар ўртасида икки карра жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Ҳампи Конеру билан дурангга эришди ва 2-турнинг илк ўйинидаги мағлубиятга учрагани туфайли томошабинлар қаторига қўшилди.

Бугун ўтадиган тай-брек ўйинларида Гулруҳбегим Тоҳиржонова Лу Мяойи, Умида Омонова Алина Калинская билан ҳал қилувчи баҳсни ўтказади.
Айтиш лозим, У.Омонова тай-брекдан муваффақиятли ўтса, 3-турда қозоғистонлик 15 ёшли Элназ Калиахмет билан рўбарў келади. Қозоғистонлик шахматчи қиз 2-турда аёллар ўртасида жаҳон чемпиони, грузиялик тажрибали гроссмейстер Нино Бациашвилини мағлуб этди.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова хитойлик шахматчи тўсиғидан ўтган тақдирда 3-турда украиналик Юлия Осмак билан тўқнаш келади.
Эслатиб ўтамиз, 47 та мамлакатнинг 107 нафар энг кучли аёл гроссмейстерлари дона сураётган FIDE жаҳон кубогининг мукофот жамғармаси 676 минг 250 АҚШ долларидан иборат бўлиб, мусобақалар 28 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА