Оғир атлетикачиларимиз Осиё чемпионатида 23 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтган Осиё чемпионатининг ҳар икки ёш тоифасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

20 дан зиёд давлат вакиллари билан кечган мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этди.
Бу, жамғарилган медаллар салмоғида, халқаро мусобақада биринчи марта қатнашаётган ўсмирларимизнинг хатти-ҳаракатида яққол намоён бўлди.

Мамлакатимизнинг ёш оғир атлетикачилари 3 та олтин, 7 та кумуш, 20 та бронза, жами 30 та медаль билан Осиёнинг энг кучли жамоаси эканини амалда исботлади.
Ёшлар терма жамоаси аъзолари Нигора Сувонова ва Моҳинур Эсонбоева қитъа биринчилигининг сўнгги кунида +86 кг тоифасидаги баҳсларда қатнашиб, иккита медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди.

Сувонова даст ва силтаб кўтариш босқичларида барқарор натижалар кўрсатди. Унинг 228 кг умумий натижаси Ўзбекистонга кумуш медаль олиб келган бўлса, М.Эсонбоева икки кураш сарҳисобига кўра, 223 килограмм кўрсаткич билан бронза медалга эга чиқди.
Умумий медаллар сонини 28 тага етказган ўсмир оғир атлетикачиларимиз умумжамоада 1-ўринни эгаллади. 27 та медаллар шодасини жамғарган қозоғистонликлар иккинчи бўлди. 16 та медални қўлга киритган Вьетнам вакиллари 3-ўрин соҳибига айланди. Медалларнинг сифати борасида қозоғистонликлар 9 та олтин медаль билан пешқадамлик қилган вазиятда 6 тадан олтин медалли бўлган Хитой, Жанубий Корея, Таиланд, 5 та олтинли Ўзбекистон жамоалари кейинги қаторларни банд этишди.
Остонада ватанимиз спорт шуҳратини улуғлаган Ўзбекистон оғир атлетика спорт делегацияси бугун юртимизга қайтиб келади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА