Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги Фаробий кўчасида иссиқ сув қувури ёрилиши оқибатида юзага келган нохуш ҳодиса кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан масъул бўлган "Veolia Energy Tashkent" компаниясининг расмий баёнотида бу техник синов жараёнида рўй бергани, зарарлар қопланиши ва жабр кўрганлар йўқлиги таъкидланган.
Халқ демократик партияси компания изоҳидан хавотир билдирди. Партиянинг фикрича, синов ишлари аҳолининг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган ҳолда, белгиланган тартиб ва техник меъёрларга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилиши зарур эди. Жамоатчилик ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигини огоҳлантирмасдан олиб борилган синовлар оқибатида фуқаролар саломатлиги хавф остида қолди. Бу каби ҳолатлар келгусида оғир оқибатларга олиб келмаслиги учун кескин чоралар кўрилиши лозим.
ХДП Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Бош прокуратурани мазкур ҳодисага ўз муносабати ва ҳуқуқий баҳосини беришга чақирди. Партия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан 3 нафар фуқаро енгил тан жароҳати олгани ҳақида тарқатилган маълумотни инобатга олиб, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда ёрдам кўрсатилиши, етказилган зарарлар тўлиқ қоплаб берилиши лозимлигини қайд этди.
Халқ демократик партияси мазкур ҳолат кенг жамоатчиликда хавотир уйғотганини, бундай воқеалар коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотларга нисбатан ишончга путур етказишини инобатга олиб, мутасадди ташкилотларни вазиятни назоратга олишга чақирди.
ЎзА