Мамлакатимизда ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга давлат томонидан манзилли тарзда кўмаклашиш тизими – “Аёллар дафтари”нинг жорий қилингани хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилишда муҳим омил бўлмоқда.
Хусусан, 2025 йил бошида Фарғона вилоятида “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичида уйма-уй олиб борилган хатлов жараёнларида 111 минг 778 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га олинди. Бунда ҳеч бир ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз четда қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор берилди.
– Дарҳақиқат, “Аёллар дафтари” хотин-қизларга мадад бўлмоқда. Кўрсатилган ёрдам туфайли ушбу дафтарга киритилган хотин-қизлар ўртасида бандлиги таъминланган, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганлар сони тобора кўпайиб бормоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши раисининг Ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳсултон Тўхтаматов. – Ҳеч бир аёлнинг дарди, муаммоси қоғозларда қолиб кетаётгани йўқ. “Аёллар дафтари” киритилган хотин-қизларнинг ижтимоий-молиявий аҳволини яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Қувонарлиси, олдинги босқичларда “Аёллар дафтари”га олинган опа-сингилларимизнинг ҳаётида кўплаб ўзгаришлар рўй берди. Уларнинг бири тадбиркор, бири иш берувчи, яна бири ҳунарли бўлди.

Аслида, аёлни эъзозлаш, опа-сингилларимизни рози қилишга эришиш ўз-ўзидан бўладиган осон иш эмас. Буларнинг барчаси юртимизда инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Бу жабҳада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши ҳам фаол иштирок этиб, “Аёллар дафтари”га олинган опа-сингилларимизнинг ҳаётда муносиб ўринларини топишларида кўмаклашиб келмоқда.
Данғара тумани “Навбаҳор” МФЙда яшовчи Аломатхон Эркинова ўрганишлар давомида “Аёллар дафтари”га олинган эди. Гарчи қўлида ҳунари бўлса-да, фаолиятини кенгайтиришга имконияти етмаётганди. Унга тадбиркорлигини бошлаш учун банкдан 30 млн. сўм кредит ажратилди. Бу маблағ эвазига Аломатхон 5 та тикув машинасини харид қилди. Олдига тикувчиликдан хабари бор қўни-қўшниларини жамлади. Буюртмалар асосида болалар ва аёллар кийим-кечагини тикишни бошлади. Айни пайтда у билан 7 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда.
Бағдод тумани “Чўли Юнус” маҳалласида яшовчи Мўътабар Исақова ҳам “Аёллар дафтари”га кириб, кўрсатилган ёрдам сабаб ҳаёти яхши томонга ўзгарди. Банк томонидан ажратилган 27 млн. сўм кредит ишини бошлашга асқотди. Ушбу маблағга тикув машиналари олиб келди. Олдига шогирдлар олди. Уларга ҳунар ўргатди. Мана ҳозир у билан 5 нафар хотин-қиз елкама-елка ишлаб, асло кам бўлаётгани йўқ.

Олтиариқ тумани “Ғайрат” маҳалласида яшовчи Дилрабохон Баратова ҳаётбахш ислоҳотлар туфайли бугун иш берувчи тадбиркор аёлга айланди. Бугун унинг тикув цехида 15 нафар аёлнинг бандлиги таъминланган. Хонадонма-хонадон ўрганишлар чоғида Дилрабохон Баратова “Аёллар дафтарига” олинган эди. Қўлидан бинойидек тикиш-бичиш келадиган Дилрабохон банк томонидан ажратилган маблағ ҳисобига, тадбиркорлигини йўлга қўйди.
— Айни пайтда мавсумий кийим-бошлар тикиб, ишчи бозорларга маҳсулотлар етказяпмиз, — дейди Д.Баратова. — Ҳозирда қўшни Қозоғистондан буюртмалар олиб, маҳсулотларимизни ташқи бозорларга ҳам етказиб беряпмиз.
Фарғона вилояти ахборот-кутубхона марказида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Умида Абдуллаева, “Аёллар дафтари” бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясидан бириктирилган масъул раҳбар Абдуғаффор Салиҳов раҳбарлигида “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичида хотин-қизларга кўрсатилаётган амалий ёрдамлар ижроси бўйича ўтказилган танқидий-таҳлилий йиғилишда "Аёллар дафтари" бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳаққонийлиги ва юзага келаётган камчиликлар муҳокама марказида бўлди.
Унда вилоят ҳокимлиги, халқ депутатлари вилоят Кенгаши, бошқарма ва ташкилотлар масъул раҳбарлари ҳамда туман, шаҳар ҳокимларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этди.
Қайд этилганидек, жорий йил бошида 111 минг 778 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”нинг
6-босқичига рўйхатга олинган бўлиб, бугунга қадар уларнинг 97 минг 667 нафарига амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Аммо айрим туман ва шаҳарларда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ишлари бироз орқада қолаётгани таъкидланди.
Дафтарга киритилган опа-сингилларимизнинг ҳаётдан умиди катта эканлиги, амалий ёрдамлар орқали рўзғорларини бус-бутун қилишга ҳаракат қилишга иштиёқлари баландлиги айтиб ўтилди.
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга кўрсатиладиган манзилли ёрдамларнинг сифатини ва қамровини ошириш бўйича масъул раҳбарларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.
“Аёллар дафтари” орқали кўплаб хотин-қизларнинг мушкули осон бўлиб, йиллар давомида уларни қийнаб келган муаммолари ечим топаётгани қувонарлидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА